апрел 01, 2017 13:22 Asia/Tashkent
  • Баҳор  навоси
    Баҳор  навоси

Навруз айёмига бағишланган махсус эшиттириш

 А.З: Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.Ассалому алайкум,  қадрли тингловчилар.

Р:Ассалому алайкум,  гўзал баҳорни, Наврўзи оламни  шод-хуррамлик  ила  нишонланаётган  азиз биродарлар, опа-сингиллар.

А.З: Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таъолога  чексиз ҳамду санолар айтиб, азиз ва севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с)нинг пок руҳларига салому салавот йўллаб, Наврўз айёмига  бағишланган  "Баҳор  навоси"  махсус эшиттиришимизнинг  сўнгги сонини  сизга тақдим  этамиз. 

Ооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооо

  А.З.  Аввало сиз азиз тингловчиларимизни  яна бир бор  уйғониш ва  яшариш, гўзаллик ва нафосат, мурувват  ва саховат рамзи  бўлган  Наврўз айёми билан   қутлаймиз.

Р:Баҳор  табиат ҳаётининг  қайта  жонланиш фасли. Гулу чечакларнинг  димоғни  қитиқловчи  хушбўй  ҳидлари қадимий Эрон мамлакатининг  бутун  ҳудудини қоплаган. Дала-дашт майсаларнинг  зангори гилами билан  қопланган.

 А.З.  Қир-адирлар  ранг-баранг ёввойи гуллар туфайли ҳақиқий  гулистонга  айланган. Ям-яшил майсазорларда  лов-лов ёнган  оқ, қизил ва алвон рангдаги чечаклар  табиатга  ўзгача   ҳусн-тароват бахш айлаган.

  Р:  Завқ-шавққа  тўлган  қушчаларнинг дилрабо  куйлари  қаҳратон қишнинг  зил-замбил  сукунатини чил-парчин  айлаган.

 Ххххххххххххххххх

А.З: Дастуримиз давом этади.

Р:Бугун фарвардин ойининг 13 куни Эрон Ислом жумҳуриятида Табиат куни нишонланди. Шунингдек, бугун наврузий байрам ва расм-русумларнинг охирги кунидир.

А.З:  Табиатни жон-дилидан севадиган Эрон халқи узоқ тарихга эга бӯлган расм-русумга кӯра фарвардин ойининг 13-куни табиатнинг сӯлим гӯшалари: дала-дашт, боғ ва чакалакзор, дарё бӯйлари ва ӯрмонзорларга чиқиб, наврузий таътилнинг сӯнгги кунини оила аъзолари ва қариндош уруғлари билан она табиат бағрида ӯтказишади.

 Р:Наврузий удумларга кӯра фарвардин ойининг 13-куни табиат ва унинг бағрида ниҳон неъматларга эҳтиром кӯрсатиш ҳамда табиат билан бирдамлик  кунидир. Айтиш мумкинки, наврузнинг 13-куни ҳақиқий баҳор байрами ҳисобланади.

А.З:  Бу кун   яшариш ва тароват лаҳзаларини бошидан кечираётган табиат одамларни ӯзининг кӯркам бағрига чорлайди.

Р:Бу кунда барча ғам-ғуссаларни унутиб, шодлик ва сурур фасли бӯлган баҳорга қадам қӯйган Эронзамин аҳли  “Сездаҳбадар”, яъни “Ӯн учинчи куни шаҳар ва қишлоқлардан табиат бағрига чиқиш”  маросимини ӯтказишади.

А.З: Бу шодиёна маросим Эроннинг турли бурчакларида турлича қайд қилинади. Улкан ҳудудга эга бӯлган бу мамлакатнинг табиати баҳорнинг 13-куни ҳайратланарли бир тарзда жилваланади.

Р:Дарахт новдаларидаги анвойи гуллар ва эндигина куртак чиқарган барглар серҳосил ва баракали йилдан хушхабар беришади. Гиёҳлар тупроқдан бош кӯтарган, нафис гуллар очилган, баҳор тароватини уфуриб турган  ҳар бир маскан кишиларнинг ҳордиқ чиқарадиган жойига айланади.

А.З: Бирор сабаб билан дала-даштга чиқолмаган шаҳарликлар “Сездаҳбадар” маросимини албатта, шаҳар боғ ва хиёбонларида, хуллас, табиат қӯйнида, очиқ ҳавода ӯтказишади.

Ххххххххххххххххх

Р:  Баҳор  фаслда  Эрон  мамлакати  ҳақиқий жаннатга айланади. Бу жаннатмакон  юртнинг  ҳар бир гўшаси  табиат  шайдоларининг севимли маконидир. 

 А.З:  Мафтункор Эрон табиатининг айрим жозибали манзаралари ҳақида маълумот бериб,  наврузнинг 13-куни Сиз азиз тангловчиларимизни Эрон саёҳатига таклиф қилмоқчимиз.

Р: Баҳорнинг илк кунлари Теҳрон шаҳрининг атрофидаги тепаликлар зилол сувли булоқлари ва анвойи ранг гулу гиёҳлари билан ӯзгача тароват касб этади. Бу кунларда бу дилкаш масканлар сайёҳлар, алпинистлар ва спортчиларнинг севимли жойига айланган. Баҳорнинг ӯн учинчи куни бу жозибали маконларда Теҳрон аҳолиси оила аъзолари ва ёр-дӯстлари билан она табиатнинг сон-саноқсиз неъматлари териб қӯйилган саховатли дастурхонидан баҳраманд бӯлишади.

А.З: Тоғли минтақаларда яшовчилар ҳам табиат кунида тоғ ён бағирлари ва дала-даштларга чиқиб баҳорнинг сафоли ва покиза об-ҳавосидан лаззатланишади. Чӯққилари осмонга қадалган қорли тоғлар,  зилол сувли булоқлар, ҳайратланарли шаршаралар, табиий ӯрмонлар Эрон ғарбидаги Загрос тоғлик минтақаси  аҳолисини ӯзига чорловчи жозибалар ҳисобланади.

Р: Эроннинг баҳор ва ёз мавсумларида кӯплаб табиат ихлосмандларини ӯзига жалб этадиган жозибали маконларидан яна бири Луристон вилоятидаги “Оби Сафед” шаршарасидир. Бу ҳайратланарли шаршара ёнғоқ ва балут каби улкан дарахтлар билан қопланган осмонӯпар тоғлар бағрида жойлашган. Тоғдаги табиий тунелдан чиқиб, 60 метрлик баландликдан оқиб тушадиган бу дилкаш шаршара оппоқ либосдаги келинчак каби ҳусну жамолини кӯз-кӯз қилади.

А.З: Исфаҳон вилоятидаги Хонсор шаҳри яқинида жойлашган Гулистонкуҳ саҳроси эса нодир гулу гиёҳлари сабаб табиат кунида одамларнинг сайилгоҳига айланади. Очилган пайти осмонгамас, балки уятчан келинчаклар каби ерга қараб турадиган қирмизи ва сариқ рангли лолалар, доривор ӯсимликлар, саҳронинг турли бурчакларида замин бағридан қайнаб чиқувчи зилол сувли булоқлар гулларга бурканган бу саҳронинг ҳуснига-ҳусн қӯшишади.

Р: Эроннинг денгизга туташган шимолий ва жанубий минтақалари ҳам табиат куни гавжум бӯлишади. Йил давомида миллионлаб сайёҳатчиларни ӯз бағрига чорлаган шимолнинг шовуллаган ӯрмонлари наврузий таътил кунларини шимолда ӯтказиш учун бу минтақага ташриф буюрган саёҳатчиларга мезбонлик қилишади.

А.З: Маҳорлу денгизи ва Тахти Жамшеднинг атрофидаги мавзелар, Қалот, Садро шаҳри, Тюн боғлари каби дилкаш жойлар Шероз шаҳрининг аҳолиси ва шаҳар меҳмонларининг табиат кунида ҳордиқ чиқарадиган кӯнгилли масканларидир.

Ххххххххххххххххххххххх

Р:  Баҳорнинг 13-кунидаги удумлардан бири  шулким, кишилар табиат бағрини тарк этишдан олдин навруздаги ҳафтсин дастурхони учун ӯстирган майсаларини сувга оқизиб, кейин уйларига қайтишади.

А.З: Сездаҳбадар маросимида тайёрланадиган овқатлар асосан угро, арпа, қатиқлик суюқ ошлар ва турли минтақаларда турлича тайёрланадиган кӯкатли таомлар ҳисобланади.

Р: Устига балиқ ёки кабоб қӯйилган  кӯкатли палов ҳам табиат кунида тайёрланадиган таъомлар сирасига киради.

А.З: Табиат куни одамлар ӯртасидаги дӯстлик, қариндош-уруғлар орасидаги меҳр-муҳаббат муносабатларини мустаҳкамлаш воситасидир.

Р: Баҳорнинг 13-куни саховатли табиатдан самарали фойдаланиш маданиятини вужудга келтириш ва уни мустаҳкамлаш кунидир. Эроннинг барча шаҳар ва вилоятларидаги мутасадди ташкилотлар бу куннинг шодлик ва сурур, тинчлик- осойишталик руҳида ӯтиши ҳамда она табиатга эҳтиром кӯрсатиш кунига айланиши учун чора-тадбирлар ишлаб чиқишади.

А.З: Шаҳарлардаги шинам боғларда табиий бойликларни асраб-авайлаш мавзусига бағишланган намойишлар саҳнага қӯйилади. Эронликлар навруз таътилининг сӯнгги кунини шодлик ва сурур билан ӯтказиб, эртаси куни янги куч ва ғайрат ила ишхоналарга қайтиб, янги йилдаги баракали меҳнатни бошлашади.

Р: Бу тароватли баҳор кунлари сиз учун ҳам шодлик ва сурурга лимо-лим бӯлишини орзу қиламиз, азиз тингловчилар!

Ххххххххххххххх

  А.З:  Азизлар, сиз Наврўз айёмига бағишланган "Баҳор   навоси" махсус эшиттиришимизнинг сўнгги сонини тингладингиз..

    Р: Яна бир бор  барчангизни  Наврўзи олам билан  муборакбод этамиз. Янги йилда  хонадонингизга  омонлик,  офият,  хотиржамлик ва қут-барака  тилаган  ҳолда  сизлар билан  хайрлашамиз.

   А.З: Хайр, Парвардигори карим  ёру мададкорингиз бўлсин.