апрел 22, 2017 14:15 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга оид муҳим воқеалар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1.Остона шаҳрида ШҲТ ТИВ раҳбарларининг йиғилиши бошланди;

2.Туркманистони ва Қозоғистон президентлари икки мамлакат ўртасида турли соҳаларга доир ҳамкорликлар ҳақида бир қатор ҳужжатларни имзолади;

3.Қирғизистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда;

4.  Душанбе-Хўжанд парвозини амалга ошириш учун учиш йўлагида тезлигини ошираётган “Сомон эйр” самолётида тутун юзага келган.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Остона шаҳрида ўтган жума куни  Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ТИВ раҳбарлари Кенгаши мажлиси бошланди. Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари давлат раҳбарлари кўриб чиқишига мўлжалланган ҳужжат ва қарорларни муҳокама қилишади. Учрашув Қозоғистон пойтахтида июнь ойида бўлиб ўтувчи ШҲТ саммитига тайёргарлик кўришнинг якунловчи босқичидир.

Вазирлар Остона декларацияси лойиҳасини қабул қилишади. Унда долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, бирлашувнинг янада жипслашувига оид услублар белгилаб қўйилади. Бундан ташқари, 2022 йилга қадар Антинаркотик стратегия лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва уни бажариш бўйича ҳаракатлар Дастурига оид вазифалар бор. Алоҳида эътибор давлат раҳбарларининг халқаро терроризмга қўшма қарши курашиш бўйча Баёноти лойиҳасига қаратилади.

ТИВ раҳбарлари Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга қабул қилиш жараёнининг якунланиши ва уларга аъзо-давлат мақомини бериш масалаларини ҳам кўриб чиқишади.

ШҲТни ташкил этиш ҳақидаги декларация Шанхайда 2001 йилнинг июнида олти давлат томонидан имзоланган: РФ, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон. Ташкилот ишида шунингдек олти кузатувчи-давлат (Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Афғонистон ва Беларусь) ва мулоқот бўйича олти шерик (Шри-Ланка, Туркия, Озарбойжон, Арманистон, Камбожа ва Непал) ҳам иштирок этмоқда.

Туркманистон ва Қозоғистон президентлари икки мамлакат ўртасида турли соҳаларга доир ҳамкорликлар ҳақида бир қатор ҳужжатларни имзолашди

Туркманистон ва Қозоғистон республикалари президентлари икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо, сармоявий, илмий, маданий ва матбуот соҳасига доир турли кўринишдаги ҳамкорликлар ҳақидаги 10 та ҳужжатни имзолади. Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Туркманистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликлар бўйича битим, муштарак чегараларни аниқлаш бўйича келишув, тижорат, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича қўшма комиссия бўйича келишув, 2017-2018 йилларга мўлжаллланган ташқи сиёсат идораларининг ҳамкорлик дастурлари шунингдек, терроризмни молиявий жиҳатдан таъминлашга қаратилган йирик пулларни ўзлаштиришга қарши курашиш бўйича келишув Туркманистон президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедовнинг Қозоғистон пойтахти Остонага қилган сафарининг биринчи кунида имзоланган ҳужжатлар жумласидан эди. Туркманистон президенти Қозоғистон президенти билан ўтказган қўшма ахборот анжуманидаги чиқишида ўзининг Қозоғистонга қилган сафарининг натижасини ижобий ва конструктив дея баҳолади.      

Алмазбек Атамбоев Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ташрифга тайёргарлик тегишли давлат идоралари томонидан бошланган

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ташрифга тайёргарлик тегишли давлат идоралари томонидан бошланган, деб хабар бермоқда 24.kg нашри Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарига таяниб.

Ташқи сиёсат идораси маълумотига кўра, тасдиқланган жадвалга кўра, чегара масалалари бўйича ишчи гуруҳлар музокаралари давом этмоқда. Ташриф аниқ қачон амалга оширилиши ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбоев Ўзбекистонга 2016 йилнинг 24 декабрь куни ташриф буюрганди. У Самарқандда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Атамбоевнинг Ўзбекистонга режалаштираётган ташрифи давомида чегара масаласида келишув имзоланиши мумкин.

Душанбе-Хўжанд парвозини амалга ошириш учун учиш йўлагида тезлигини ошираётган “Сомон эйр” самолёти ичини кутилмаганда қуюқ тутун қоплади, йўловчилар орасида саросима ва қичқириқлар бошланди. Учувчилар самолётни кескин тўхтатишга мажбур бўлишди.

Тутун нима сабабдан пайдо бўлганини йўловчиларга маълум қилишмаган, лекин айнан ушбу парвоз парвоз учиш олдидан, техник сабабларга кўра, бир неча маротаба кечиктирилган. “Портлаб кетишига сал қолди”, — деб ёзди самолётда бўлган хўжандлик йўловчилардан бири ижтимоий тармоқда. "Салонда бошидан қандайдир ғалати ҳид бор эди. Самолёт учиш йўлагида тезликни ошириб бораётган вақтда, ичида бирдан кучли тутун пайдо бўлди. Кейин, самолёт кескин тўхташга мажбур бўлди. Хайрият, учиш йўлагининг энг охирида тўхташга улгурди", —деб эслайди Жўрабой исмли йўловчи. "Лекин самолёт ичида жуда қўрқинчли ҳолат бўлди, одамлар саросимага тушиб қолишди, ёш болалар бақира бошлади", — деб сўзини давом эттирди Жўрабой.

Хўжандлик Бозорбой исмли йўловчи гувоҳлик беришига кўра, носоз самолёт йўловчилари аэропортга қайтиб бир неча соат кутишга мажбур бўлишган. Бўлиб ўтган воқеадан кейин ҳамма жуда қаттиқ стресс ҳис қилган. Йўловчиларнинг аксарияти 14-15 ёшли болалар бўлган. Бир киши ҳатто ҳушини йўқотиб қўйган. “Сомон Эйр” йўловчиларни тинчлантириш учун ҳеч қандай чора кўрмаган, ҳатто бепул сув тарқатишдан воз кечган. Йўловчилар ўзлари пул жамлаб барча учун 4-5 блок сув сотиб олишган.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ