апрел 29, 2017 14:59 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим воқеалар

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Қозоғистон парламенти конституцияга ўзгартиришлар киритиш қонуни бўйича иш бошлади;

2. Тожикистон  ва Россия ўртасида авиаалоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди;

3. Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Каспий денгизи соҳилларидаги 5 мамлакат ўртасида ҳамкорлик келишуви лойиҳасига тегишли музокараларнинг янги босқичи бўлиб ўтди;

4. Қирғизистон парламенти раиси Теҳронга сафар қилди.

  Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистон парламенти конституцияга ўзгартиришлар киритиш қонуни бўйича иш бошлади. Бу ҳақда депутат Нурлан Абдиров палаталарнинг мажлиси вақтида маълум қилган.

Кун.ўз сайтига кўра, у бироз олдинроқ мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев «Қозоғистон Республикаси конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаганини эслатиб ўтди. Ушбу қонунни ҳаётга татбиқ этиш учун «бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритиш зарурлиги таъкидланган".

«Тегишли ўзгартиришлар «Қозоғистон Республикасидаги сайловлар тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси парламенти ва унинг депутатлари мақоми тўғрисида», «Республика референдуми тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси ҳукумати тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси президенти тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси Конституцион кенгаши тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси биринчи президенти - миллат етакчиси тўғрисида», «Қозоғистон Республикаси суд тизими ва судья мақоми тўғрисида» қонунларига киритилиши назарда тутилган», - дея маълумот берган Абдиров.

Шу йилнинг 10 мартида Нурсултон Назарбоев «Қозоғистон Республикаси конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Ҳужжат билан мамлакат асосий қонунининг давлат тармоқлари ўртасида ваколатларни тақсимлашга қаратилган 23 та моддасига ўзгартиришлар киритилган. Тузатишлар парламент ролини кучайтириш, ҳукумат мустақиллиги ва масъулиятини оширишга қаратилган.

Ҳужжатда Қозоғистон мустақиллиги, унитар давлат эканлиги, ҳудудий дахлсизлиги ва бошқарув шакли ўзгармаслиги кафолатланишини конституция даражасида мустаҳкамлаш таклиф этилган.

Россия ва Тожикистоннинг авиация соҳасидаги масъуллари Москвада ўтган музокаралар натижаларига кўра, икки давлат ўртасидаги авиаалоқа масалалари бўйича келишиб олдилар

Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлигига Россия транспорт вазирлиги матбуот хизматида маълум қилинди.  

"Тожикистон ва Россия маслаҳатлашувлар натижасида икки давлат ўртасидаги авиаалоқага тааллуқли баҳсли масалаларни ҳал қилишди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди", деб айтилди хабарда.

Кун.ўз сайтига кўра, Россия 3 апрелдан Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиакомпаниясига Душанбе ва Хўжанддан парвозларни ҳафтасига, мос равишда, 4 та ва 3 та рейс билан чеклаб қўйганди. Маълум қилинишича, бу чора Тожикистон Москва вилоятидаги "Жуковский" аэропортидан Россиянинг "Ямал" авиакомпаниясининг Тожикистонга парвозларни амалга ошириш аризаси бўйича келишувни рад этганига жавоб бўлган.   

Россия томони маълумотларига кўра, "Ямал" аввалбошдан Душанбега 4 та рейс ва Хўжандга 3 та рейс амалга ошириш учун ариза берган. Бироқ Тожикистон эришилган келишувларга зид равишда "Ямал"нинг бу йўналишлар учун аризасини тўлиқ тасдиқламаган. Душанбеда таъкидланишича, "Ямал" келишувларга кўра Душанбе ва Хўжандга ҳафтасига 2 тадан рейс амалга ошириши керак бўлган.

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Каспий денгизи соҳилларида жойлашган  5 мамлакат ўртасида иқтисодий, савдо -тижорат ва сармоя киритиш бўйича ҳамкорлик келишуви лойиҳасига тегишли музокараларнинг янги босқичи бўлиб ўтди.

Форс ахборот агентлигининг хабарига кўра, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот идораси Эрон, Озарбайжон республикаси, Россия, Қозоғистон ва Туркманистон мамлакатларининг сиёсий - дипломатикк делегациялари ва намояндалари иштирокида  Каспий денгизи доирасидаги  5 мамлакатнинг иқтисодий, савдо- тижорат ва сармоя  киритиш бўйича ҳамкорлик келишуви лойиҳасига тегишли  музокараларнинг янги босқичини ўтказилганлигини эълон қилди.

Мазкур хабарга асосан  музокараларнинг янги босқичида  Каспий денгизи соҳилларида жойлашган 5 мамлакатнинг савдо- иқтисодий соҳасидаги ҳамкорлик ҳужжатларининг турли жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон парламенти раиси Чинибой Турсунбеков сиёсий ва иқтисодий ҳайъатлар ҳамроҳлигида  Теҳронга сафар қилди. Қирғизистон парламенти раиси ушбу сафар чоғида Эрон парламенти раиси Али Лорижоний,  айрим вазирлари ва мамлакат  Савдо палатаси раиси билан учрашди.  Учрашувлар чоғида мамлакатларнинг парламентлари ўртасидаги алоқалар ҳамда бир қатор сиёсий ,иқтисодий ва маданий муносабатларга доир масалалар бобида фикр алмашилди. Учкунлик ушбу сафар давомида у  Мозандарон вилоятига ҳам бориб, саноат корхоналарининг фаолиятлари билан яқиндан танишди. Бугунги кунда Эрон ва Қирғизистон ўртасида турли соҳалар бўйича яхши алоқалар йўлга қўйилган.

Қирғизистонга оид  яна бир хабаримиз шундан иборатки, ушбу мамлакатда   5,7 балли зилзила юз берди.

"Зилзила ўчоғи Олмаота шаҳридан 148 километр узоқликда Қирғизистон ҳудудида жойлашган", — дейилади хабарда.

Зилзила Иссиқкўл жанубий соҳилидаги Боконбаево қишлоғидан 33 километр узоқликда юз берган. "Зилзила ўчоғи Олмаота шаҳридан 148 километр узоқликда Қирғизистон ҳудудида жойлашган", — дейилади хабарда.Кучи 5,7 баллга тенг бўлган зилзила 15 километр чуқурликда юз берган. "Олмаотада зилзила кучи 2 баллга тенг бўлди", — деб маълум қилди сейсмологлар. Қирғизистоннинг маълум қилишича эса, зилзила Иссиқкўл жанубий соҳилидаги Боконбаево қишлоғидан 33 километр узоқликда юз берган. Дастлабки маълумотларга қараганда, қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ