июн 03, 2017 14:22 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳудудий ва чегаравий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди;

2. Қирғизистонда президент сайловлари 15 октябрга кўчирилди;

3. Остонадаги саммитда Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши расмийлаштирилади.

 Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

30-31 май кунларида Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳудудий ва чегаравий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Asia-Plus хабарига таяниб кун.ўз сайтининг хабар беришича, томонлар чегара масалаларидаги тушунмовчиликларни бутунлай бартараф этишни режалаштирган.

Музокараларда Тожикистон томонидан мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳмадшариф Ҳақдод, Ўзбекистон томонидан алоҳида топшириқлар бўйича элчи Илҳом Неъматов иштирок этди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1332,9 километрни ташкил этади - шундан 1227,98 км қисми қуруқликда, 105 км дарё орқали.

Бугунги кунда тожик-ўзбек чегарасининг 60 километрлик қисми келишилмаган ҳолда қолмоқда.

Тожикистоннинг Меҳнат ва миграция  масалалари бўйича вазирлиги бу мамлакат фуқароларидан Россиянинг 4 шаҳрига сафар қилмасликни тавсия этди.

Форс ахборот агентлиги хабарига кўра,  Тожикистоннинг Меҳнат вазирлигидаги халқаро  муносабатлар бўлими раиси Усмонали Латифий  июнь ойининг аввалидан  жорий йилнинг 12 июлига қадар Москва, Санкт -Петербург, Казан ва Сочи шаҳарларидаги муҳожир фуқароларимиз вақтинчалик яшаш рухсатномасини олишлари керак, акс ҳолда уларни бир қанча йил Россияга киришлари ман этилади, деб таъкидлади.

Мазкур хабарга асосан,  Тожикистон авиакомпаниялари ҳам Россиянинг  ушбу шаҳарларига парвозларни камайтириш масаласини кўриб чиқишмоқда.

Қирғизистонда президент сайловлари 15 октябрга кўчирилди.

Номзодларнинг мамлакатнинг олий лавозими учун сайланиш гаровини 10 мартага ошириш ҳам кўзда тутилган, деб ёзади Regnum.ru.

Қирғизистон парламенти учинчи (сўнгги) ўқишда мамлакат қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришларни қабул қилди. Унга кўра, мамлакат президентлигига сайловлар 19 ноябрдан 15 октябрга кўчириладиган бўлди. Бу ҳақда 31 май куни Парламент матбуот хизмати хабар қилган.

Сайловларнинг олдинга кўчирилиши учун парламент мажлисида қатнашган 115 депутатдан 106 нафари ёқлаб овоз берган. Киритилган ўзгартиришлар якуний қабул қилиниши учун уни давлатнинг амалдаги раҳбари Алмазбек Атамбаев имзолаши керак.

Шунингдек, қонун лойиҳасида Қирғизистон президентлиги учун номзодлар учун гаров қийматини 10 баробарга ошириш — 100 минг қирғиз сўмидан 1 миллион қирғиз сўмига кўтариш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳужжат 2020 йилдан бошлаб парламент депутатлари сайловларида партияларга парламентга ўтиш учун сайлов бўсағасини 7 фоиздан 9 фоизгача кўтаришни ҳам назарда тутади. Бу пункт парламент аъзолари орасида энг кўп баҳсни келтириб чиқарди. Айримларнинг фикрича, «бу янги сиёсий кучлар ва ёш етакчиларнинг шаклланиши учун тўсиқ бўлиб хизмат қилиши мумкин».

REGNUM ААнинг эслатишича, Қирғизистон давлат раҳбари сайловлари аввалига 2017 йил 19 ноябрга белгиланган эди. Президентлик лавозими учун қудратдаги Қирғизистон социал-демократик партиясидан амалдаги бош вазир Сооронбай Жээнбеков, собиқ бош вазир ва «Ақ Шумқар» партияси етакчиси Темир Сариев, собиқ фавқулодда ҳолатлар вазири ва «Онугуу-Прогресс» партияси етакчиси Бакит Торобаев, Қирғизистон вазирлар маҳкамасининг собиқ раҳбари ва «Республика — Ата-Журт» фракцияси раҳбари Омурбек Бабанов, шунингдек, коррупция ва товламачилик учун жиноий иш доирасида ҳибсда сақланаётган «Ата Мекен» партияси етакчиси Омурбек Текебаев каби номзодлар курашишади.

Чехияга сафар қилган Қирғизистон парламенти матбуот котиби Чинибой Турсунбеков Чехия бош вазири Югослав Субутко билан учрашди

Қирғизистон ва Чехия ўзаро иқтисодий ҳамкорликларни кенгайтиришни кўзламоқда. Форс ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Чехияга сафар қилган Қирғизистон парламенти матбуот котиби Чинибой Турсунбеков Чехия бош вазири Югослав Субутко билан учрашган чоғида шундай айтдики, Чехия, парламент ва фуқаролик жамиятини ҳамда ижтимоий ва иқтисодий демократияни юксалтиришда Қирғизистоннинг асосий шерикларидан ҳисобланади. Турсунбековнинг қўшимча қилишича, Бишкек давлати Евро осиё иқтисодий иттифоқи аъзосининг бири сифатида 180 миллионлик йирик истеъмолчи бозорга эгадир. Чехия бош вазири ҳам ушбу учрашувда Қирғизистон билан ҳамкорликларнинг кенгайиб бораётганидан ўз хурсандчилигини билдириб, икки мартали солиққа тортиш ҳолатини бекор қилишни истади ва икки юрт ўртасида инвестиция киритишни енгиллаштиришни таклиф этди. 

Остонадаги саммитда Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши расмийлаштирилади.

Ҳиндистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиши ташкилотнинг Остонада июнь бошида ўтадиган саммитида расмийлаштирилади.  

"Ҳиндистоннинг ШҲТга тўлиқ аъзо бўлиши июнь бошида ШҲТнинг Остонадаги саммитида расмийлаштирилади", деб айтди журналистларга Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.

1 июнда Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модини қабул қилди. Улар ҳамкорликни кенгайтириш ҳақидаги декларацияни қабул қилишади. Санкт-Петербургда ўтадиган музокараларда террорчиликка қарши кураш, Сурия ва Корея яриморолидаги вазиятлар муҳокама қилинади. 

Ушаковнинг таъкидлашича, ШҲТда кўриладиган мавзулар 1 июнда Санкт-Петербургдаги музокараларда муҳокама қилинди. Унинг айтишича, Ҳиндистоннинг ташкилотга қабул қилиниши жараёни 2015 йилда Уфадаги саммитда йўлга қўйилган. "Аминмизки, Ҳиндистоннинг ШҲТ фаолиятида иштирок этиши ташкилотнинг имкониятларини кенгайтиради ва дунёдаги ишларда унинг нуфузини оширади", деб таъкидлаб ўтди Ушаков.  

Ушаковнинг эслатишича, Ҳиндистонда 20 йил ичида Россия дизайнидаги камида 12 та атом электростанцияси қурилади. 

Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг Остонадаги саммити 8-9 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ