июн 10, 2017 13:09 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона саммити якунланди;

2. Қирғизистон махсус хизмати ўзини портлатмоқчи бўлган худкуш террорчини қўлга олди;

3. Расмий Душанбе 2018 йил сўнгига қадар Тожикистонда барпо этилаётган Роғун ГЭСининг бирйўла уч агрегати ишга туширилишини хабар берган.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона саммити якунланди. 

ЎзА берган хабарга  кўра,  давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган Остона декларациясида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид асосий ёндашувлар, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни йўналтиришга қаратилган муштарак интилишлар ўз ифодасини топган. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. 

Давлат раҳбарлари ШҲТ саммити юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Қозоғистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирдилар. 

Ташкилотнинг 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланган эди. 

Саммитда Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинди. 

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Хитой Халқ Республикасига ўтди.

Қирғизистон махсус хизмати ўзини портлатмоқчи бўлган худкуш террорчини қўлга олди.

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари халқаро террорчилик ташкилотига алоқадор бўлган ва ўзини ўзи портлатмоқчи бўлган худкуш террорчини қўлга олишди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берган.

«Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси аксилтеррорчилик тадбирлари давомида террорчилик хуружини амалга оширишга тайёргарлик кўраётган халқаро террорчилик ташкилоти аъзоси М.А.ни қўлга олди. У террорчилик ташкилоти раҳбарлари кўрсатмаси билан кишилар гавжуд бўлган ерда ўзини портлатиши лозим бўлган», - дея хабарни келтиради РИА Новости.

Махсус хизматлар маълумотига кўра, жиноятчи «худкуш сифатида мина-портлатиш ва махсус мафкуравий тайёгарликдан ўтган».

Таъкидланишича, у қўлга олиш пайтида қўлбола портловчи қурилмани йиғаётган бўлган. Унинг уйидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари, экстремистик адабиёт ва қурол-аслаҳа топилган.

Расмий Душанбе 2018 йил сўнгига қадар Тожикистонда барпо этилаётган Роғун ГЭСининг бирйўла уч агрегати ишга туширилишини хабар берган. Ўзбекистон ушбу ГЭС қурилишига ниҳоятда шубҳали муносабатда. Ўзбекистон томонининг фикрича, ушбу тўғоннинг барпо этилиши сувнинг ифлосланишига сабаб бўлади, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

Бу баҳсларни тартибга солишнинг имкони борми? Марказий Осиёнинг ягона энергетик ҳалқасининг тўлақонли қайта ишга туширилиши қандай имкониятларни тақдим этади? «Евразия.Эксперт»нинг ушбу саволларига «Марказий Осиёнинг сувдан фойдаланиш ва сув-энергетика ресурслари муаммоларини тадқиқ этиш институти» (Бишкек, Қирғизистон) халқаро жамоатчилик фонди эксперти Зулфия Марат жавоб берди.

— Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига нисбатан эътирозлари ва хавотирлари нечоғлик асосга эга?

— Яқин қўшниларнинг ҳар қандай хавотирлари ва ташвишлари албатта, доимо эшитилиши, бир неча бор муҳокама этилиши ва алал-оқибатда тарқатилиши керак, чунки гап ҳақиқатдан ҳам баланд тоғ шароитларида барпо этилаётган йирик гидрообъект ҳақида бормоқда. Яъни, лойиҳа ўзининг қурилиш жараёнида ҳам, фойдаланиш жараёнида ҳам маълум бир, назорат этиб бўмайдиган рискларга эга.

— 2012 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов «Ҳаммаси шу қадар чуқурлашиши мумкинки, бу нафақат кескин қарама-қаршиликлар, балки уруш ҳам келтириб чиқариши мумкин», деган эди. Чиндан ҳам можаро ўткир фазага ўтиши мумкинми?

— Икки малакат президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги учрашувлари уларнинг эзгу ниятлари туфайли музокараларнинг янги босқичлари бошланишига умид уйғотмоқда.

— ГЭС қурилиши фақатгина Ўзбекистоннинг манфаатларига дахл қиладими? Қўшни давлатларда, хусусан, Қирғизистонда лойиҳага муносабат қандай? Лойиҳадаги зиддияти нималардан иборат?

— Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими, яъни «энергия ҳалқаси» совет даврида ягона ҳудудий-ишлаб чиқариш минтақавий комплекси эҳтиёжлари учун яратилган эди. Тизим Тожикистон ва Қирғизистондаги Ўрта Осиё сув минораларида «бураб» ишга тушириладиган «соз соат»дек ишлаб турган. Бу аксиома ҳозир унутилмоқда. Бизнинг барчамиз бутун бир организммиз, мамлакатларимизнинг энергия тизимлари бири биридан ажратиб бўлмас яхлит таркибий қисмдан иборат эди.

Энергия ҳалқаси частотасини созлашни Қуйи Норин ГЭС каскадисиз бажариш иложсиз эди, сув ва электр энергиясининг оқимларини ўзбек энергетикаси аралашувисиз тартибга солиб бўлмасди. Баҳор-ёз мавсумларида Қозоғистон ва Ўзбекистон далаларини суғориш учун ГЭСлар барпо этилган баланд тоғларда сувни иқтисод қилиш учун тўрт давлат энергия тизимлари қишки ва вегитацион даврларда ўзаро оқим алмашишга муҳтож. Бунинг ўрнига, мамлакатлар ўртасида энергия ҳалқасининг қисман узиб қўйилиши туфайли 1991 йилдан сўнг ўтган кўп йиллар мобайнида Қирғизистон ва Тожикистон қишда ГЭСлардан тўлиқ қувват билан фойдаланишга мажбур бўлиб қолишди, бу эса дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган давлатлар (Ўзбекистон ва Қозоғистон)да сув тошқинлари келтириб чиқара бошлади.

— Бундай вазият яна қандай хавф солмоқда?

— Йирик ГЭСларни яқин қўшнилар иштирокиз барпо этиш фақат можаро потенциалининг ёйилишига сабаб бўлди, бу эса турли экстремистик кучлар фаоллашуви эҳтимоли бор шароитда ўта хавфли ҳисобланади.

Электр энергиясини сотиш ортидан келадиган ҳар қандай фойда яхши қўшничилик алоқалари ўрнини боса олмайди.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ