июл 29, 2017 14:08 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақасига оид муҳим хабарларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Қозоғистон йил сўнгига қадар ягона лотинча имлони қабул қилади;

2. Тожикистонда масжидларни ёпиб қўйиш сиёсати жадал кетмоқда;

3. Атамбоев: АҚШ ҳарбий базаси бўлгани учун Қирғизистонга ракета зарбалари билан таҳдид қилишган;

 Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Гарчи аввалроқ Қозоғистон 2025 йилгача лотин имлосига асосланган қозоқ алифбосига ўтиши хабар қилинган бўлса-да, жараён тезлаштириладиганга ўхшаяпти.

2017 йил сўнгига қадар Қозоғистонда қозоқ тилининг ягона лотинча алифбосини қабул қилиш кутилмоқда. Бу ҳақда 26 июль куни Қозоғистон маориф вазири Ерлан Сагадиев хабар қилган, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Лотин алифбосига ўтиш ҳақида тўхталсам. Бу ўта муҳим лойиҳа. Бу ерда эҳтиёткор бўлиб ҳаракат қилиш, хатога йўл қўймаслик керак. Бу йил қилишимиз мумкин бўлган ягона иш — барчани қониқтирадиган алифбони қабул қилиш. Бунинг учун бир неча вариантлар тайёрланиб, муҳокамадан ўтказилиб, улардан бирортасини қабул қилиб, сўнгра лотинча имлога ўтиш борасидаги режаларни қуришимиз керак. Бунинг учун махсус комиссия тузилган ва у иш олиб бормоқда», — деган вазир.

23 июнь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тилини лотинча имлога ўтказишни чўзиб ўтиришдан маъни йўқлигини эълон қилган эди.

«Биз буни тузатиш учун ишга киришдик. Қозоқ тилини лотинчага ўтказиш бизни янада жипслаштиради. Мен ўз мурожаатимда 2025 йилгача муддат белгилаган эдим, лекин бу жараённи чўзиш учун асос кўрмаяпман», — деган Қозоғистон президенти.

Бунгача Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев қирғизлар бундан ўрнак олмаслиги кераклигини таъкидлаб ўтган эди. «Биз ўзимизда мавжуд нарсадан воз кечмаслигимиз керак. Агар ниманидир ўзгартирадиган бўлсак, бизда қадимдан ўз ёзувимиз бўлган: руний ёзуви — битик қирғиз тилига кўпроқ мос келади. Лекин биз кирилл имлосини сақлаб қолишимиз керак», — деган эди Атамбоев.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Хўжанд шаҳрида 4 та масжиднинг рухсатномаси йўқлиги сабабли ушбу масжидларнинг иш фаолияти ўзгартирилиб, масжид ўрнига тўқимачилик корхонаси, болалар боғчаси, чойхона ва дорихона ташкил этилган

Тожикистон республикасининг Сўғд вилоятидаги Хўжанд шаҳрининг ҳокими ушбу шаҳарда жойлашган 4 та масжиднинг рухсатномаси йўқлиги баҳонаси билан ёпиб қўйилгани ҳақида хабар берди. 

Тожикистон Хабар сайти тарқатган хабарга кўра, Сўғд вилоятининг Хўжанд шаҳар ҳокими Маъруф Муҳаммадзода кеча ўтказилган ахборот анжуманидаги чиқишида жорий йилнинг биринчи ярмида Хўжанд шаҳрида 4 та масжиднинг рухсатномаси йўқлиги сабабли ушбу масжидларнинг иш фаолияти ўзгартирилиб, масжид ўрнига тўқимачилик корхонаси, болалар боғчаси, чойхона ва дорихона ташкил этилганини маълум қилди.  

Сўғд вилояти Тожикистоннинг шимоли-ғарбида ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган. Тожикистон 2011 йилдан буён масжидларни ҳуқуқий ҳужжатлари йўқлигини баҳона қилиб, уларнинг фаолиятини ўзгартириб келмоқда ёки бўлмасам ушбу масжидларни ёпиб келмоқда. 

Ҳозиргача, Тожикистонда кўплаб масжидлар тикувчилик цехлари, кутубхона, маскан ва бошқа мақсадларга айлантирилди. Танқидчилар масжидларнинг ёпилишини Тожикистонда Исломга қарши қаратилган режалар доирасида диний эркинликни чеклаш ва мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилиши дея аташмоқда. Тожикистонда масжидлардан узоқлаштириш сиёсати ортидан ўтган 3 йил давомида минглаб масжидлар расмий ҳужжатлари йўқлиги баҳонаси билан ёпиб қўйилди. 

Қирғизистон президенти "Манас" Марказий иссиқлик йўли ёпилгач, Американинг Қирғизистонга нисбатан сиёсати қай тарзда ўзгарганига эътибор қаратди. Қирғизистонда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасининг жойлаштирилиши ўз вақтида республика хавфсизлигига жиддий хавф солган.

Бу ҳақда Чўлпон Ота шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида президент Алмазбек Атамбоев баёнот берди, деб хабар қилмоқда ТАСС. "Яшириб ўтирмайман, айрим мамлакатлар зарур бўлиб қолса бизнинг ҳудудимизда жойлашган Америка авиабазасига ракета зарбаси беришларини айтиб, огоҳлантиришган", - деган Қирғиз давлати раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат 2014 йилгача, яъни Америка ҳарбий базаси Қирғизистонни тарк этмагунча давом этган. "Фуқароларимиз бунгача жиддий таҳдид остида эди", - дея изоҳ берган Атамбоев. Давлат раҳбарининг давом этишича, хусусан, айни шу сабабли ҳам Қирғизистон Америка авиабазасини ёпишга қарор қилди. Мазкур авиабаза 2001 йилда НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилиб, Бишкек аэропортида фаолият юритган. Америка Давлат Департаменти Ўзбекистон ва Қирғизистонни бир бири билан урушишга ундаган, деб баёнот қилди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев.

Ушбу республикага оид яна бир хабаримиз шундан иборатки, Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига 40 дан ортиқ номзод президентлик сайловларида иштирок этиш бўйича ариза юборди. Бу ҳақда РИА Новости республика МСК матбуот хизмати вакилига асосан хабар берган.

Қирғизистонда 15 октябрга белгиланган президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзодларни илгари суриш давом этмоқда. Олий давлат лавозими учун даъвогарлар рўйхатдан ўтиш учун аҳолининг 30 минг имзосини йиғиши ва МСК ҳисоб рақамига тахминан 15 минг доллар миқдоридаги сайлов пулини тўлаши лозим. Номзодларни илгари суриш 31 августга қадар давом этади.

"Бугунги кунга келиб, Марказий сайлов комиссиясига 33 фуқародан ариза келиб тушди, шунингдек, сиёсий партиялар 8 нафар номзодини илгари сурди", - дея хабар қилган агентлик суҳбатдоши.

Номзодларни тил бўйича тестдан ўтказиш 26 июль куни бошланди ҳамда бу борада биринчи можаро ҳам юз берди. Парламентдаги “Ота-Макон” мухолифат партияси етакчи Омурбек Текебаев тестга коррупцияда гумонланганлик бўйича жиноий иш доирасида тергов изоляторида қолаётгани туфайли келмаган. Шунингдек, тергов изоляторида мамлакатнинг олий лавозими учун даъвогар бўлган яна уч номзод бор. Республика нодавлат ташкилотлари ҳукуматга ёқмайдиган номзодлар танлов ҳуқуқини амалга ошира олмаслигидан ташвишда эканини билдирди ва МСКдан пойганинг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар билан таъминлашни талаб қилди.

Қирғизистон конституциясига кўра, мамлакат президенти битта олти йиллик муддатга сайланади. Бир киши ўз ҳаёти давомида фақатгина бир марта олий лавозимни эгаллаши мумкин. Амалдаги давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевнинг президентлик муддати жорий йилнинг 1 декабрь куни якунига етади.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ