ноябр 18, 2017 15:19 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

1. Атамбоев ўта кескин баёнот берди: «Бу алаҳлаш ва Қозоғистон раҳбарияти хархашаси»

2. Тожикистонда КХШТ машқлари нима сабабдан ўтказилаётгани айтилди

3. Назарбоев бутун дунёни асабийлаштираётган ҳолат ҳақида гапирди

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Атамбоев ўта кескин баёнот берди: «Бу алаҳлаш ва Қозоғистон раҳбарияти хархашаси»

«Ҳаттоки сўнгги молиявий инқироз нефть ва газнинг йирик захираларига эга бошқа давлатларга оғриқлироқ зарба берди. Қирғизистон эса валюта барқарорлигини ҳам сақлаб қолди, у қўшниларга қараганда анча секинроқ пастга шўнғиди, биз ЯИМ кескин қулашига ҳам йўл қўймадик», - дея айтиб ўтди ҚР президенти Алмазбек Атамбоев «Ала-Арча» давлат қароргоҳида 15 ноябрь куни барқарор ривожланиш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида.

«Бироқ бизнесни ривожлантириш учун катта бозор керак ҳамда биз ЕОИИга катта умидлар билан киргандик. Менинг фикримча, бу тўғри қарор. Албатта, биз иттифоқда қолишимиз керак. Мен буни алоҳида таъкидламоқчиман, сабаби ҳар куни ҳам рус, ҳам қозоқ ОАВда Қирғизистон, Атамбоев ЕОИИни парчалаб юбормоқчи экани ҳақидаги хабарларни ўқияпман. Бу алаҳлаш. Биз иттифоқдан чиқишни ҳеч қачон режалаштирмаганмиз. Бироқ ҳақиқий ҳолат шуки, Қирғизистон бир ойдан ошиқ вақт давомида Қозоғистон раҳбарияти хархашаси сабаб ЕОИИнинг бошқа давлатларидан ажралиб қолди. Бизни ЕОИИдан ажратиб қўйишди. Хўш, иттифоқни ким парчалаб юбормоқчи? Буни фақат аҳмоқлар ва умуман билишни ҳам истамайдиганлар кўрмаяпти», - дея маълум қилди президент.

Шу билан бирга, Атамбоевнинг таъкидлашича, Қирғизистонга давлат раҳбари мамлакат қонунларини ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмасликни талаб қилгани туфайлигина блокада уюштиришди.

«Бизга ўз қоидаларингизни киритишга уринманг. Афсуски, ЕОИИ келажаги ҳақида гапирар эканман, шуни айтмоқчиманки, ҳозирча муносабатлар, биринчи навбатда, иқтисодий алоқалар қабул қилинган ва имзоланган келишувлар ҳамда битимлар билан эмас, балки баъзи президентларнинг инжиқлиги ва хархашаси орқали тартибга солинади... Бироқ шунда ЕОИИ маданиятли иқтисодий иттифоқ бўла оладими? Мен ЕОИИ давлатлари раҳбарларининг бундай бепарволигидан ҳайратдаман. Тигран Саркисян бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳақида ҳам шуни айтишим мумкин. Сариқ чақага олишмаяпти. Шу одамлар Қирғизистон ҳақида яна нималарнидир гапиришмоқда. Аччиқ ҳақиқат, аччиқ фактлар шундай», - дея айтиб ўтди у.

Қирғизистоннинг давлат қарзи 301 миллион долларга кўпайди

Қирғизистоннинг давлат қарзи йил бошидан буён 301 миллион АҚШ доллари (+7,4 фоиз)га ошиб, 4 миллиард 367 миллион долларга етган. Қирғизистон молия вазирлиги томонидан тарқатилган маълумотларга асосланиб, «Акчабар» хабар бермоқда.

Бўлиб ҳисобланганда бу қуйидагича кўринишга эга: ташқи қарз йил бошидан буён 225,4 миллион доллар (6 фоиз) га ошиб, 3 миллиард 968 миллион долларга етган, ички қарз эса 76 миллионга ошган (+23 фоиз) ва 398 миллион долларни ташкил этмоқда.

Қирғизистон энг кўп Хитойнинг «Эксимбанк»идан қарздор — 1,63 миллиард доллар (давлат қарзи умумий суммасининг 37 фоизи). Иккинчи ўринда Бутунжаҳон банки тузилмалари (Ривожланиш халқаро ассоциацияси ва Халқаро валюта фонди) — 838 миллион доллар (улуш 19 фоиз). Учинчи ўринда Осиё тараққиёт банки — $601 млн. доллар (14 фоиз).Бу молия ташкилотларидан олинган қарзлар молия вазирлиги таснифи бўйича имтиёзли ҳисобланади. «Акчабар»нинг ҳисоблашича, агар ташқи қарз мамлакатнинг ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқаросига бўлинса, жон бошига 1204 доллардан тўғри келар экан.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тезкор жавоб қайтариш коллектив кучларининг Тожикистондаги террорчиликка қарши машқлари режадан ташқари тарзда ўтказилмоқда. Уларга 5 минг ҳарбий жалб этилган. Бу ҳақда Россия марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлари, машқларга раҳбарлик қилаётган Владимир Зарудницкий маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

«Бу режадан ташқари машқлар бўлиб, у Марказий Осиё минтақасидаги бугунги ҳарбий-сиёсий вазият туфайли ўтказилмоқда. Бунда, биринчи навбатда, Сурия ҳамда Ироқдан ИШИД туфайли келаётган таҳдид эътиборга олинган», - дея айтиб ўтди у.

Зарудницкийнинг қўшимча қилишича, Афғонистондаги вазият алоҳида хавотирни келтириб чиқармоқда. «Бу ерда ИШИД етакчилари томонидан амалга оширилаётган стратегия нафақат республика, балки қўшни давлатлар хавфсизлигига ҳам таҳдид уйғотади. Машқларимиз асосида шу омиллар бор», - дея аниқлик киритди у.

Тожикистонда 20 ноябрга қадар ўтказиладиган кенг кўламли машқларда КХШТ давлатларининг (жумладан – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон) беш мингдан ошиқ ҳарбийлари иштирок этмоқда, 1,5 мингдан кўпроқ ҳарбий техника жалб этилган. 

Назарбоев бутун дунёни асабийлаштираётган ҳолат ҳақида гапирди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев жаҳонда қуролланиш бўйича харажатлар даражаси ўсиб бораётгани ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz. 

Назарбоев Остона клубининг учинчи ҳар йиллик йиғилишида нутқ сўзлади. Унинг маълум қилишича, жаҳонда қуролланишга харажатлар ортиб бормоқда, ким тезроқ қурол сотиб олиш бўйича пойга бошланган ҳамда ядро қуролини қўллаш таҳдиди яна туғилган.

"Яқин Шарқ ҳамда Африкадаги ҳарбий ҳаракатлар кўплаб йиллар, ўн йиллар давомида фаол босқичда турибди. Афғонистон, Ироқ, Украина, Тоғли Қорабоғдаги вазият жуда кескин. Глобал кескинликнинг ортиши эса қуролга талабни кўпайтирмоқда", - дея айтиб ўтди Нурсултон Назарбоев.

Унинг таъкидлашича, жаҳондаги ҳарбий харажатлар навбатдаги маротаба ошган.

"Ҳарбий харажатларнинг ўсиши – бу нафақат хавфсизликка таҳдид, балки иқтисодий ҳамда инсон ресурсларини Ердаги ривожланиш ва талабларга ҳақиқий эҳтиёждан ўзига самарасиз тортиб олишдир", - дея маълум қилди Назарбоев.Оммавий қирғин қуроллари синови, Корея ярим оролидаги вазият бугун бутун дунёни асабийлаштирмоқда. Бу ҳолатда йирик давлатлар ўртасида ракеталарга қарши мудофаа масалалари, ядро қуролини қисқартириш бўйича бир қарорга келинмаяпти", - дея таъкидлаб ўтган Нурсултон Назарбоев.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ