декабр 16, 2017 15:14 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақалрига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қирғизистонда Ҳизб-ут-таҳрир экстремистик гуруҳининг 7 аъзоси ушланди;
  2. Тожикистон хавфсизлик мақсадида Афғонистон билан чегаранинг бир қисмини ёпди;
  3. Ашхободда Марказий Осиё ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари учрашдилар;
  4. Қозоғистонда шанба куни, яъни бугун  Мустақиллик куни нишонланмоқда.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қирғизистонда Ҳизб-ут-таҳрир экстремистик гуруҳининг 7 аъзоси ушланди.

Қирғизистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари “Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилотининг етти нафар аъзосини қўлга олишди

Кун.ўз сайтининг хабар қилишича,Жалолобод вилоятида яшовчи бир неча фуқаронинг уйида тинтувлар ўтказилди, унинг давомида экстремистик кайфиятдаги кўплаб адабиётлар топилди, бундан ташқари, портлатиш қурилмалари ва портловчи моддалар ноқонуний равишда сақлаб келингани аниқланди», - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир»нинг аёллар бўлинмаси етакчиси қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бутун ислом дунёсида ўз ҳукуматини ташкил қилишни мақсад қилган Ҳизб-ут-Таҳрир экстремистик гуруҳи  кўпроқ Афғонистон ва Маркзий Осиёда фаолият қилаётганини эълон қилган.

Тожикистон хавфсизлик мақсадида Афғонистон билан чегаранинг бир қисмини ёпди.Чегара ёпилишига тожик чегарачиларининг афғон наркоконтрабандачилари билан тўқнашуви сабаб бўлган

Тожикистон Афғонистон билан чегаранинг бир қисмини вақтинча ёпди, деб хабар берди Тожик телеграф агентлиги ўз манбасига таяниб.

"Тожикистон ҳукумати хавфсизлик мақсадида Афғонистон билан чегаранинг катта қисмини — Шамсиддини Шоҳин туманидан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятигача бўлган қисмини ёпди", — деди агентликка Хатлон вилоятидаги манба.

Панж дарёси устидаги бешта кўприкда ҳаракат тўхтатилган, битта назорат ўтказув пункти ёпилган.

Илгарироқ Афғонистоннинг Бадахшон вилояти губернатори Аҳмад Файсал Бекзод Тожикистон билан чегара ёпилганини тасдиқлаганди. Бироқ Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев чегара ёпилиши ҳақида расман фармойиш бўлганлигини инкор этди.

Аҳмад Файсал Бекзоднинг айтишича, ҳозирда Бадахшон вилояти аҳолиси қишда Тожикистондан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмасликлари учун чегарани очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Чегара ёпилишига тожик чегарачиларининг афғон наркоконтрабандачилари билан тўқнашуви сабаб бўлган. Тўқнашувда "Шўробод" чегара отряди командири ҳалок бўлган, тўрт чегарачи яраланган. Чегара бузувчилар йўқ қилинган.

Ашхободда Марказий Осиё ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари учрашдилар.

Минтақа масалаларини муҳокма қилиш мақсадида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистон ташқи ишлар вазирларининг мулоқоти бўлиб ўтди.

Газета.уз сайтининг хабар қилишича, Учрашувда «Марказий Осиё мамлакатлари — Афғонистон» (C5+1) янги консултатив форматини яратиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Ушбу формат минтақавий масалаларнинг бутун мажмуасини муҳокама қилишда ҳамда БМТ кўмагида тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича биргаликда замонавий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун самарали платформа бўлиши кутилмоқда.

11-декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий марказ (МОПДММ) ташаббуси ва БМТ Афғонистонга ёрдам миссияси (БМТАКМ) кўмаги билан Ашхабод шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё ва Афғонистон ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.Учрашув қатнашчилари томонидан минтақавий сиёсат ва хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.Учрашувда БМТ Бош котибининг махсус вакили, МОПДММ раҳбари Наталя Герман ҳам иштирок этди.

 Қозоғистонда шанба куни, яъни бугун  Мустақиллик куни нишонланмоқда, республика 26 ёшга тўлди.

Қозоғистонда Мустақиллик куни – ягона миллий байрамдир. 16 ва 17 декабрь байрам кунлари ҳисобланади. Бу кунлар шанба ҳамда якшанбага тўғри келиши туфайли, дам олиш кунлари 18 ва 19 декабрга кўчирилди. Шу тариқа, қозоғистонликлар тўрт кун ҳордиқ чиқаради: шанбадан чоршанбага қадар.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 1991 йилнинг 16 декабрь куни “Қозоғистон Республикаси давлат мустақиллиги тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади. Назарбоевнинг ўзи ўша йилнинг 1 декабрь куни бўлиб ўтган биринчи умумхалқ сайловларида президент лавозимига сайланди, 10 декабрь куни эса "Қозоғистон Совет Социалистик Республикаси номини ўзгартириш тўғрисида"ги қонунни имзолади, у билан Қозоғистон Республикасига ҳозирги номи берилди.

Назарбоев кеча давлат мукофотларини топшириш маросимида республика мустақиллик йилларида катта ютуқларга эришгани ҳамда халқаро ҳурматга сазовор бўлганини таъкидлаб ўтди.

"Биз давлат суверенитетини қўлга киритганимиздан сўнг, аста-секин кучли, фаровон Қоғозистонни яратиб бордик. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз кўплаб муваффақиятлар ва ғалабаларга эришди", - дея айтиб ўтди Назарбоев.

Унинг эслатишича, Қозоғистон ўз олдига “буюк мақсадни қўйган – сайёрдаги энг ривожланган 30 давлат орасига кириш”.

"Биз кенг кўламли модернизация доирасида юқори ижтимоий кафолатлар ҳамда фуқароларимиз даромади ошишини таъминлаб бердик. Биз глобал даражадаги кенг кўламли тадбирларни муваффақиятли амалга ошириб, Қозоғистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлай олдик. Бу ютуқларнинг ҳаммаси барча қозоғистонликлар саъй-ҳаракати, энергияси туфайли амалга ошди", - дея хулоса қилиб ўтди президент.

Мазкур мамлакатга доир бошқа хабаримиз шундан иборатки,

Қозоғистон ва Туркия  президентлари телефон орқали мулоқот ўтказишди.Икки давлат етакчиси ўзаро суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва минтақавий кун тартибини муҳокама этишди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда Форс ахборот агентлиги. 

Икки давлат етакчиси ўзаро суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва минтақавий кун тартибини муҳокама этишди. Хусусан, томонлар Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитига оид масалалар бўйича фикр алмашишди, уни 13 декабрь куни Истанбул шаҳрида Туркия ташаббуси билан ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари кутилаётган учрашувлар жадвалини кўриб чиқишди, шунингдек икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш масалаларини тилга олишди.Қайд этилишича, суҳбат Туркия томони ташаббуси билан ўтказилган.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ