Январ 06, 2018 15:17 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақасига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Туркманистонда аёлларга машина ҳайдаш тақиқлаб қўйилди;
  2. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон диний эркинликларни бузаётган давлатлар рўйхатига киритилди;
  3. Қозоғистон илк бор БМТ Хавфсизлик кенгашида раислик қилади;
  4. Қирғизистон давлати Марказий Осиёнинг бошқа республикалари билан ҳамкорликларини кенгайтирмоқчи.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Туркманистон ҳукумати аёлларга машина ҳайдашни тақиқлаб қўйди. 2017 йил декабрида автоинспекция ходимлари аёл ҳайдовчиларни бу қоидани бузганлари учун жаримага тортилишларидан огоҳлантира бошлашган. Бу ҳақда “Альтернативные новости Туркменистана” портали хабар бермоқда

Январда порталнинг Ашхободдаги манбаси йўл полицияси ходимлари аёл ҳайдовчилардан ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўйиб, уларнинг машиналарини жарима майдончасига жўнатаётганларини маълум қилган.     

“Дастлаб мен бу хабарни ҳазил деб қабул қилдим, бироқ кейин бунга шахсан тўқнаш келдим. Ҳозир аёллар машина ҳайдашдан қўрмоқдалар, шу сабабли кўпчилик аёлларни ишга эрлари олиб бориб қўймоқдалар”, деб айтди ашхободлик бир аёл.

Бошқа бир манбанинг айтишича, ишига машина ҳайдаб борадиган, давлат хизматида ишлайдиган аёллардан машина ҳайдамасликлари ҳақида тилхат олинмоқда.

Порталнинг йўл испекциясидаги манбаларидан бирининг маълум қилишича, 5 декабрда мамлакат ички ишлар вазири Искандар Муликов мамлакат раҳбарига статистика бўйича йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти аёл ҳайдовчилар айби ёки улар иштирокида юз беришини маълум қилган. Шундан кейин президент вазирга “вазиятни тўғрилаш”га кўрсатма берган.   

Бир неча кун аввал мамлакатда қора рангдаги автомобиллар ҳайдаш тақиқлангани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Жумладан, Ашхобод кўчаларида қора ва қорамтир рангдаги машиналар кўринмай қолган. 

Бундай рангдаги машиналар йўл полицияси томондан жарима майдончаларига олиб борилиб, уларни бошқа рангга бўяш талаб қилинмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” 10 мамлакатдан иборат рўйхатга киритди.

АҚШ Давлат департаменти томонидан пайшанба куни эълон қилинган баёнотда айтилишича, бу рўйхатдан Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Мьянма, Эритрея, Судан ва Саудия Арабистони ҳам жой олган. Ушбу давлатлар ўтган йили ҳам рўйхатга киритилганди.

Давлат департаменти баёнотида Покистон алоҳида таъкидланган – Вашингтон ушбу мамлакатда “диний эркинликлар жиддий бузилаётганидан” ташвишда.

“Диний эркинликни ҳимоя қилиш тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик учун жуда муҳимдир. Ушбу кўрсатмалар бу мамлакатларда диний эркинликка ҳурматни оширишга қаратилган. Биз кўрсатилган қатор мамлакатлар диний эркинликка ҳурматни ошириш устида иш олиб бораётганини тан оламиз: ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз ва мулоқотни давом эттиришга умид қиламиз. Қўшма Штатлар бутун дунёда дин эркинлигини рағбатлантириш учун ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва диний етакчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, - дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда АҚШ ва Покистон ўртасидаги муносабатларда кескинлик юзага келди. Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп Исломободни терроризм билан курашдаги ҳамкорликнинг етарли даражада эмаслигида айблади. "Сўнгги 15 йилда улар биздан 33 миллиард доллар олди, биз эса улардан ҳеч нарса олмадик", - дея ёзди Трамп. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли Қўшма Штатлар маъмурияти ҳозирча Покистонга 255 млн долларлик ёрдам пулини тақдим этмаслиги ҳақида маълум қилди ва ушбу мамлакатни терроризм муаммосига нисбатан “икки хил ўйинда” айблади. Покистон ҳукумати эса Вашингтоннинг баёнотларидан норози бўлмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирилги 2018 йилнинг  биринчи январдан  бошлаб бу мамлакат томонидан  илк бор  БМТ Хавфсизлик Кенгашида раислик қилиш жараёни бошланиши ҳақида хабар берди.

Форс ахборот агентлигининг хабар беришича, Қозоғистон ТИВ тарқатган ҳисоботида  бу мамалакат бир ой ичида БМТ Хавфсизлик кенгашида  раислик қилишини эълон қилди.

Қозоғистон ТИВ ҳисоботида келтиришича, 2018 йилнинг дастлабки кунларида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари январь ойи учун мўлжалланган раислик дастурини кўриб чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хавфсизлик Кенгашига кирмайдиган БМТга аъзо давлатлар, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар учун Кенгашнинг иш дастури юзасидан матбуот анжуманини ўтказиш режалаштирилган

18 январь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг “Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишончни мустаҳкамлаш чоралари” мавзуида тематик мунозаралар ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, Кенгаш ўзининг бир ойлик фаолияти давомида минтақавий ҳамкорлик, Марказий Осиё манфаатларини қўллаб-қувватлаш, терроризмга қарши кураш ҳамда Африкада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда  дунёдаги мавжуд  таҳдидларга қарши курашга оид БМТ ва Хафсизлик кенгашнинг дастурлари каби масалаларни муҳокама қилади.

Қирғизистон давлати Марказий Осиёнинг бошқа республикалари билан ҳамкорликларини кенгайтирмоқчи.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Марказий Осиё республиклари хусусан Ўзбекистон билан кўп томонлама ҳамкорликларни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Форс ахборот агентлигининг хабар беришича, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев  Бишкекда ўтказилган матбуот конференциясида  Бишкек давлати ташқи сиёсатининг асосий мақсадини  Марказий Осиё республикалари билан ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилганлигига тўхталиб,  турли соҳаларда бу мамлакатлар муносабатларини янада кучайтириш зарурлигини баён қилди.

У, шунингдек,  ўтган йил давомида  Бишкек ва Тошкент давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликлар ҳажмини 60 фойизга ошганлигини таъкидлаб, яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш  ҳажмини 500 миллион долларга етиши ҳақида хабар берди.

Мазкур республикага оид бошқа хабаримиз шундан иборатки, Қирғизистонда 1 январдан бошлаб  фарзанд кўрганлик учун суюнчи пули тўланиши ҳақидаги қонун кучга кирди. Суюнчи пулининг қиймати 4 минг, тоғли жойларда эса 6 минг сомни ташкил қилади. 

Суюнчи пулини олиш учун боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, бола ота-онасининг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари (паспорт), яшаш жойидан маълумотномани тақдим қилиш зарур бўлади. 

Маълум қилинишича, Янги йил кечаси мамлакатда 311 бола дунёга келган.   

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ