Январ 20, 2018 14:32 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига доир муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қозоғистон Донбасс бўйича музокараларни ўтказишга тайёрлигини билдирди;
  2. Қирғиз сиёсатчиси Омурбек Бабанов депутатлик мандатидан маҳрум этилди;
  3. Туркманистонда долларнинг «қора бозордаги» қиймати ошмоқда;
  4. Тожикистонда йирик амалдор 500 минг доллар пора олгани учун 11 йилга қамалди. ​

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистон Донбассдаги ихтилоф томонлари рози бўлса, Остонада Донбасс бўйича музокаралар ўтказишга тайёр. Бу ҳақда 19 январда Қозоғистоннинг БМТдаги доимий вакили Қайрат Умаров ТАСС ахборот агентлигининг Украинадаги вазиятни ҳал қилиш бўйича келишувларни Минскдан бошқа ерга ўтказиш имкониятига изоҳ бериш илтимосига жавобан айтди.

Донбасс бўйича музокараларнинг Минскдан бошқа ерга кўчирилиши ҳақидаги масала Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашуви вақтида кўтарилган. Назарбоевнинг айтишича, учрашувда Минск жараёни жойидан силжимай қолгани ва янги жараён кераклиги ҳақида сўз кетган. Назарбоевнинг таъкидлашича, музокараларни Минскдан бошқа ерга кўчириш таклифини Трамп билдирган.

Умаровнинг айтишича, музокараларни кўчириш ғояси “Минск жараёни бир жойда қотиб қолгани сабабли юзага келган. “Балки бу жараённи янгидан бошлаш керакдир, буни Остонада ёки музокаралар иштирокчилари учун қулай бўладиган исталган бошқа жойда амалга ошириш мумкин. Ғоя боши брек кўчадан чиқиш, бу масала илгари сурилишга уриниб кўришдан иборат”, деб айтган Умаров.

Умаров Остона Украина бўйича учрашувни ташкиллаштиришга тайёрлиги борасида аниқлаштирувчи саволга барчаси музокаралар иштирокчиларига боғлиқ бўлишини айтган. “Қандай қарор қабул қилинмасин, биз унга рози бўламиз. Агар иштирокчилар келишувни Остонада ўтказишни истасалар, президентимиз катта мамнуният билан буни ташккиллаштиради. Агар истамасалар, унда бу бошқа исталган пойтахт бўлсин, биз бу масалада фақатгина илдамлашни кўришни истаймиз”, деб қўшимча қилди Умаров.

Қозоғистонга оид бошқа хабаримиз шундан иборатки, мазкур мамлакат  Тожикистонга гуманитар ёрдам кўрсатади. Ҳукуматнинг тегишли қарори мамлакат бош вазири Бакитжан Сагинтаев томонидан имзоланди.

Ҳужжатга кўра, Молия вазирлигига Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар ҳудудида табиий ҳамда техноген фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун 2018 йилга мўлжалланган республика бюджетида назарда тутилган ҳукуматнинг фавқулодда захираларидан 1 миллиард 286 миллион 735 минг тенге (3 млн 959 минг доллар) миқдорида пул ажратиш вазифаси топширилди. Бу маблағлар Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун 10 минг тонна миқдорида мазут харид қилиш учун сарфланади.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий инсонпарварлик ёрдамини олувчини аниқлаши ва уни кўрсатиш бўйича чораларни мувофиқлаштириши керак.

Мамлакат Сармоялар ва ривожланиш вазирлиги Тожикистонга гуманитар юкни етказиб бериш учун темир йўл транспортини ўз вақтида ажратиш ва етказиб беришни таъминлайди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Омурбек Бабановни унинг депутатлик ваколатларини муддатдан аввал топшириш ҳақидаги аризаси асосида депутатлик мандатидан маҳрум этди. Ушбу қарор бир овоздан қабул қилинган.
 
Аввалроқ Қирғизистон бош прокуратураси “Республика — Ата Журт” партияси етакчиси Бабанов ва бошқа шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатганди. Унга конституцион тузумни зўравонлик билан ўзгартириш ва миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатишга чорлаш айблари қўйилмоқда. Гап Бабановнинг сайловолди ташвиқоти вақтида Ўшдаги “Амир Темур” тумани аҳолиси билан учрашуви ҳақида кетмоқда.

Бабанов Қирғизистондаги президент сайловларидан кейин Қирғизистонни тарк этган. Баъзи маълумотларга кўра, у Карлови Варига (Чехия) даволанишга жўнаган, ҳозирда эса Москвада қолмоқда.   

Бабанов жиноий таъқиб қилина бошлагандан кейин сиёсатдан кетишини айтган.

Ашхобод шаҳрида хорижий валюта - АҚШ долларининг туркман манатига нисбатан «қора бозордаги» қиймати рекорд даражага етиб келди. Бу ҳақда Хроника Туркменистана нашри хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, айни пайтда 1 АҚШ доллари пойтахт «қора бозорида» 11-11,3 манатга тенг, деб эътироф этилмоқда. Сўнгги марта, хорижий валютанинг туркман пулига нисбатан қиймати ўтган йилнинг декабрь ойида ўрнатилган эди: 1 доллар = 10,4 манат.

Нашр эълон қилган хабарга кўра, Туркманистон банклари тақдим этган халқаро банк пластик карточкасидан хорижда ҳар куни 50 АҚШ доллари қийматида нақд пул ечиб олиниш мумкинлиги айтилган бўлсада, амалда ундай эмас.

Хориждан юборилган пуллар эса ўз вақтида эгаларига берилмаяпти. Гап шундаки, нақд хорижий валюта билан боғлиқ муаммо Туркманистондаги тижорат банкларининг ишида муаммолар келтириб чиқармоқда.

Тожикистон Республикасининг Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги Сармояларни дастурлаштириш ҳамда минтақаларни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Асқар Нурализода 11 йилга озодликдан маҳрум этилди. У ўтган йилнинг сентябрь ойи охирида мамлакат коррупцияга қарши кураш маҳкамаси ходимлари томонидан ярим миллион доллар миқдорида пора олгани учун ушланганди. Бу ҳақда АП хабар бермоқда.

У Тожикистон Республикаси ЖКнинг «йирик миқдорда пора олиш» моддаси билан айбдор деб топилди.

Суднинг амалдорга нисбатан ҳукми 10 январда чиқарилган, бироқ бу ҳақда эндигина маълум бўлди. Қонун нормаларига кўра, судланган ва унинг ҳимояси суд қарорига ҳукм эълон қилинганидан сўнг ўн кун давомида шикоят аризасини бериши мумкин.

Мамлакат Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, у бу пулларни Жалолиддин Балхий туманида яшовчи фуқародан олган. Эвазига эса туманда паррандачиликни ривожлантириш бўйича инвестициялар давлат дастурига тегишли банд киритилиши ҳамда кейинчалик ушбу шахс бунга 10 млн доллар миқдорида грант олиши керак бўлган.

Умуман олганда, Асқар Нурализода, агентлик маълумотларига кўра, бўлажак грантнинг умумий ҳажмидан 10 фоиз, яъни 1 млн доллар миқдорида пора сўраган. Шу тариқа, Нурализода поранинг биринчи қисмини олган, иккинчи қисм эса грант тақдим этилганидан сўнг берилиши лозим бўлган.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ