Январ 27, 2018 15:14 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қозоғистонда икки автобусда бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қутқариб қолинди;
  2. Тожикистондаги барча диний муассасалар ўз даромад манбалари ҳақида ҳисобот беришга мажбур;
  3. Россия Қирғизистонга берилган қарздан воз кечади;
  4. Туркманистон ва Покистон иқтисодий соҳада сармоя киритишга келишиб олди. ​

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган икки автобус тўхтаб қолди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Остона – Петропавловск трассасида навбатчилик олиб борган полиция ходимларига 22 январга ўтар кечаси Петропавловск – Сариоғоч йўналишида қатновчи Van Hool маркали автобус трассада тўхтаб қолгани ҳақида хабар келиб тушган. Маълум бўлишича, кучли совуқ ҳарорат туфайли транспорт воситасида дизель ёқилғиси музлаб қолган.

Автобус салонида 43 киши, жумладан Жанубий-Қозоғистон вилоятида яшовчи икки ҳайдовчи ҳамда йўловчилар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлишган.

"Дарҳол, воқеа жойига полициячилар ва қутқарув хизмати ходимлари етиб келди. Барча йўловчилар ҳамда ҳайдовчилар махсус иситиш пунктига олиб кетилди, у Шўртанди тумандаги Бўзайғир қишлоғида жойлашган ўқув муассасаси биносида ташкил этилди. Жабрланувчилар иссиқ овқат ва ётоқ жойи билан таъминланди", - дея хабар беришган Оқмўла вилояти Ички ишлар департаменти матбуот хизматидан.

Ўша куни йўл-патруль полицияси ходимлари Мерке – Тюмень йўналиши бўйлаб ҳаракатланган "Сетра" маркали рейс автобуси ҳайдовчилари ва йўловчиларига ёрдам берди. Буланди тумани, Макинск шаҳри яқинида автобусда узатиш қутиси ишдан чиққан, ҳайдовчи транспорт воситасини тўхтатишга мажбур бўлган.

"Салонда икки ҳайдовчи ва 55 йўловчи, барчаси Тожикистон Республикаси фуқаролари бўлган. Автобус ишдан чиққани ҳақида маълумот пайдо бўлгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва қутқарув хизматлари ходимлари ҳайдовчилар ҳамда йўловчиларни Макинск шаҳрига эвакуация қилишди, у ерда иситиш пункти ва ётоқ жойи ташкил этилди", - дея хабар беришган полициядан.

Яна бир ҳолат эса Кўкшетау – Остона йўлида қайд қилинди.

Полициячилар маълумотига кўра, салонида 10 йўловчи бўлган "Хюндай старекс" маркали автомашина Остона томонга қараб ҳаракатланиб кетаётган бўлган, бироқ совуқ ҳарорат туфайли унда дизель ёқилғиси музлаб қолган.

Ўз вақтида етиб келган полициячилар автомашина йўловчиларини бошқа транспортга ўтказиб юборишган. 

Айни дамда Оқмўла вилоятида кучли совуқ ҳарорат сабаб жамоат транспорти учун барча йўналишларда автойўллар ёпилган, йўл-патруль полицияси ходимлари кучайтирилган режимда ишламоқда.

Қозоғистоннинг қатор вилоятларида жуда кучли совуқ ҳарорат туфайли 22 январь куни мактаблардаги дарслар бекор қилинди

Кун.уз сайтига кўра, Павлодардаги мактабларда 1-11-синфлар, шунингдек, шаҳар коллежларида таҳсил олаётган биринчи босқичдаги талабалар учун машғулотлар бекор қилинди. Бундан ташқари, Павлодар вилоятидаги барча мактаблар ва коллежларнинг биринчи босқичларида дарслар ўтказилмади.

Минтақада ҳаво ҳарорати 40 даража совуққа тушди. Вилоятда кучли совуқ туфайли 22-26 январь кунлари пўртана ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Минтақада барча йўналишлар бўйича йўллар ёпиб қўйилган.

Шимолий-Қозоғистон вилоятида 22 январь куни 1-11-синфлар ўқувчилари учун мактаблардаги дарслар бекор бўлди. Маҳаллий фавқулодда вазиятлар департаментидан хабар қилишларича, душанба куни вилоят ҳудудида 30 даража совуқ бўлиши кутилган.

Ақмолинск вилоятидаги мактабларда ҳам 22 январь куни кучли совуқ туфайли 1-11-синфлардаги машғулотлар бекор қилинди.

Остонада мактабларнинг 1-11-синф ўқувчилари ва коллежларнинг биринчи сменадаги 1-2 босқичлари талабаларига жавоб берилган.

Кўстанайда биринчи сменадаги 9-синфгача бўлган ўқувчиларга рухсат берилди, деб хабар қилмоқда "Алау". 

Тожикистондаги барча диний муассасалар бундан кейин ўз мулки ва даромад манбалари ҳақида ҳисобот беришга мажбур бўлади.

Кун.уз сайтига кўра, мамлакатнинг “Дин эркинлиги ва Тожикистон Республикаси диний бирлашмалари тўғрисида”ги қонуни 19-моддасига тузатиш 22 январдан кучга кирди.

Унга кўра, “диний бирлашмалар, шунингдек, масжидлар, черковлар ва синагогалар даромад манбалари, мулки, пул маблағлари ва мулкдан фойдаланиши, шунингдек, ходимлар иш ҳақи ва тўланган солиқлар ҳақида маълумот беришга мажбур”.

Тожикистонда масжидлар, черковлар ва мамлакатдаги ягона синагога диндорларнинг кўнгилли равишда тақдим этувчи хайр-эҳсонлари ҳисобидан фаолият юритади. Масжидлар имом-хатиблари диний маросимларда иштирок этганликлари учун кичик миқдорда пул мукофотини олади.

Россия парламенти Қирғизистонга берилган 240 миллион долларлик қарздан воз кечишга рози бўлди.

Форс ахборот агентлиги хабарига кўра,  Россия Давлат  Думаси  Бишкекка берилган қарзларни кўриб чиқишга асосланган  давлатлараро келишув протоколини қабул қилди.

Ушбу протокол асосида  Қирғизистонга берилган 240 миллион долларлик қарзларидан буткул воз кечиши айтилади.

Россия давлати  Қирғизистонга ёрдам кўрсатиш ва бу мамлакатни ривожланишига кўмаклаш мақсадида ушбу қарорга келган.

Айтиш керакки,  2012  йилда икки давлат   Москвани Қирғизистонга берган қарзларидан воз кечиши борасидаги келишувни имзолашганди.

Ўша пайтда Қирғизистоннинг Россия олдидаги барча қарзи 488,9 миллион доллардан иборат эди.

 Россия 2013  йилда 188 миллион 9 минг доллар қарзидан воз кечиб, 2016 - 2017  йилларда ҳам яна 60 миллион долларлик қарзидан воз кечганди.

Туркманистон ва Покистон иқтисодий соҳада сармоя киритишга келишиб олди.

Покистон ва Туркманистон ушбу йиғилишда тижорат айирбошлашни янада кенгайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чорвачилик ва ахборот технологияси соҳаларида сармоя киритиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширишни келишиб олишди

Покистон ва Туркманистон иқтисодий ҳамкорлик қўшма коммиссияси сешанба куни Покистон Ташқи ишлар вазири Хожа Муҳаммад Осиф ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилигида Исломобод шаҳрида ўтказилди. 

Ирна ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Покистон ва Туркманистон ушбу йиғилишда товар  айирбошлашни янада кенгайтириш мақсадида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чорвачилик ва ахборот технологияси соҳаларида сармоя киритиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширишни келишиб олишди.  

Исломобод ва Ашхобод  масъуллари ўтган икки йил давомида пулювишга қарши кураш ҳамда минтақада терроризмни молиявий таъминлашга қарши кураш олиб боришда, шунингдек, энергия таъминотида ҳамкорлик қилиш бўйича саккизта англашув меморандумини имзолашган. 

Бундан ташқари, Исломобод ва Ашхабоднинг ТАПИ газ линиясини қуриш лойиҳасидаги ҳамкорликлари ҳам икки томоннинг янада яқинлашувига олиб келди.  

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ