феврал 10, 2018 15:51 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликлар шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Назарбоевга Қозоғистон Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин;
  2. Тожикистонда 30 ёшга кирган шахслар энди президент сифатида сайланиши мумкин;
  3. Қирғизистонда «Ҳизб ут-Таҳрир» тарафдорлари ушланди;
  4. Хитой томони Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича материалларни ўрганмоқда.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистон парламентига ҚРнинг биринчи ва ҳозирча ягона президенти бўлмиш Назарбоевга умрбод Хавфсизлик кенгашига раҳбарлик қилиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳаси келиб тушди. Шу билан бирга Хавфсизлик кенгашининг мақомини маслаҳат органидан конституциявий органга айлантириш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг ҳозирги таҳрирдаги кўриниши қабул қилингудек бўлса, Хавфсизлик кенгаши мамлакат бошқарувида етакчи марказлардан бирига айланади, орган ва унинг раҳбари томонидан қабул қилинган қарор барча ҳукумат идоралари ва амалдорлар учун мажбурий бўлади.

2017 йилда Қозоғистон Конституцияга ўзгартиш киритилди. Унга кўра, ҳокимият ваколатларининг айримлари қайта тақсимланиши, парламент ва ҳукуматнинг роли кучайтирилиши кўзда тутилган эди. 

Қозоғистон республикаси хавфсизлик кенгаши маслаҳатлашув муассасаси сифатида бу мамлакат президенти томонидан 1991- йилда ташкил этилди.

 Мудофаа ва миллий хавфсизлик, мустақиллик ва яхлитлигини сақлаш, ижтимоий, сиёсий, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар эркинликларини ҳимоя қилиш заминасида ҳал йўлни тайёрлаш учун фаолият этадиган бу ташкилот  раислигини  президент Нурсултон Назарбоев ўз зиммасига олган.

Воқелик  шуки,  Қозоғистон президенти 2016  йилнинг аввалидан бошлаб  бу мамлакатдаги учта орган  ваколатларини қайта тақсимлаш мақсадида  ишчи бир гуруҳни тузди. Шу билан бирга  учлик органлар ваколатини тақсимлашдан мақсад нимадан иборат ва  Қозоғистон жамияти  учун қандай натижаларни келтириши мумкин,  деган савол туғилиши табиийдир.

Айрим таҳлилчилар  Қозоғистондаги ушбу жараённи  қудратни ва раҳбарликни бошқа шахсият  зиммасига топшириш учун тайёргарликларни бошланиши,  деб хулоса қилишса, бошқа айрим экспертлар  бу мамлакатдаги ижроий ва қонун чиқарувчи органлар мустахассисларини алмаштириш ва бу соҳадаги айрим ўзгаришлар учун ўзан яратиш деб баҳолашмоқда.

Тожикистонда энди ўттиз ёшга тўлган шахслар президент ёки мамлакат парламенти юқори палатаси аъзоси сифатида сайланиши мумкин.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 7-феврал куни “Тожикистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида” ва “Тожикистон Республикаси парламенти сайловлари тўғрисида”ги қонунларга тузатишларни маъқуллади.

Тузатишлар ёш чегарасига тааллуқли бўлди, унга кўра, эндиликда 30 ёшга тўлган шахслар мамлакат президенти ёки Тожикистон парламенти юқори палатаси аъзоси этиб сайланиши мумкин.

“Президент сайловлари тўғрисида”ги қонунга яна шундай тузатиш киритилдики, унга кўра президентликка расман рўйхатдан ўтган номзоднинг қўлга олиниши ёки ҳибс қилиниши фақат республика Марказий сайлов комиссияси рухсати билан рўй бериши мумкин.

Бундан ташқари, кўрсатилган қонуннинг янги нормаларига мувофиқ, президентлик сайловларини хорижий давлатлар, ташкилотлар ҳамда жисмоний шахслар томонидан молиялаштирилиши тақиқланади.

“Парламентга сайловлар тўғрисида”ги қонунга киритилган тузатишлар билан шундай норма ўрнатилмоқдаки, Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлигига номзод сўнгги беш йил давомида мамлакат ҳудудида истиқомат қилиши керак. Парламент юқори палатаси аъзолиги учун номзодга бу муддат етти йилни ташкил этади.

Мазкур республикага оид бошқа хабаримиз шундан иборатки,

Тожикистонда ҳужжатлари йўқлиги туфайли юзлаб масжид ёпилди.

Тожикистон ҳукумати 1938 та масжидни ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати қошидаги дин ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси раиси Сулаймон Давлатзода журналистлар билан мулоқот чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради «РИА Новости».

Дарё.уз сайтининг манбаларга таяниб тарқатган хабарига кўра, ушбу диний муассасаларнинг рухсатнома ва бошқа ҳужжатлари мавжуд бўлмаганлиги боис шундай қарор қабул қилинган.

Маълум бўлишича, дастлаб масжидлар мутасаддилари бундан огоҳлантирилган ҳамда уларга рўйхатдан ўтиш учун муҳлат берилган.

Аммо масжидларнинг кўпчилиги ҳужжатларини жойига келтирмаган. Шу боис уларни ёпишга қарор қилинган.

Аввалроқ Қирғизистонда террорчилик ячейкаси раҳбари ушлангани, у Фарғона водийсида одам ёллаш бўйича плацдарм ташкил этгани хабар берилган эди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилотининг тўрт нафар тарафдорини қўлга олишди. Бу ҳақда пайшанба, 8 февраль куни маҳкама матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, тақиқланган ташкилотнинг фаол аъзолари Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятида қўлга олинган. Республика ИИВ маълумотларига кўра, улардан энг ёши кичиги 39да, энг каттаси эса – 55 ёшда. Ушбу шахсларнинг яшаш жойларида ўтказилган тинтувлар давомида «Ҳизб ут-Таҳрир» экстремистик материаллари аниқланди ва олиб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда террорчилик ячейкаси раҳбари ушлангани, у Фарғона водийсида одам ёллаш бўйича плацдарм ташкил этгани хабар берилган эди. 

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиш лойиҳасига кўра, ҳозирги вақтда Хитой томони табиий ва камерал тадқиқотларда олинган бу борадаги материалларни ўрганмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги статс-котиби Эрмек Мамиркалиев 9- февраль куни хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида ноябрь ва декабрь ойида уч томонлама учрашувлар ўтказилди, келишув лойиҳаси ва техник масалалар муҳокама қилинмоқда.

«Томонлар техник масалалар бўйича якуний қарор қабул қилиш учун икки томонлама йиғилиш ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар. Техник гуруҳ йиғилиши 2018 йилнинг апрелида Пекин шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган», - деди у. 

Аввалроқ, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг батафсил йўналишини 2018 йилнинг апрель ойига қадар тайёр бўлиши хабар қилинганди.

Шунингдек, Қирғизистон Транспорт вазирлиги Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини молиялаштириш бўйича музокаралар апрелдан бошланишини маълум қилган.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

Ёрлиқ