феврал 24, 2018 17:33 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим хабарларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қозоғистонда қирғизистонлик депутат қўлга олинди;
  2. Қирғизистондаги барча мактаблар 5 кунлик ўқишга ўтади;
  3. Туркманистон президенти “Ўзбекнефтегаз” АЖ бошқаруви раисини қабул қилди;
  4. Тожикистон ва Ўзбекистон икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласини яна бир бор муҳокама қилди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Қозоғистонда қирғизистонлик депутат қўлга олинди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги махсус амалиёт вақтида Қирғизистон республикасининг фуқароси, парламент аъзоси Асилбек Дамирбек ўғли қўлга олингани ҳақида Қирғизистон давлати расмийларининг хабардор қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати котиби маълум қилган. Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида контрабанда фаолияти билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашишни кучайтириш, шунингдек, Қозоғистон миллий хавфсизлиги билан чегара соҳасини тартибга солиш ишларини амалга ошириш мақсадида бош прокуратуранинг коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси билан биргаликда Олмаота, Жамбул, Жанубий Қозоғистон вилоятлари ва Олмаота шаҳрида кенг кўламли махсус операция ўтказилган. Ушбу амалиётлар давомида 35 нафар гумонланувчи шахс қўлга олинган бўлиб, улар орасида божхона ва чегара хизматининг амалдорлари, брокерлар, ўртакашлар, шунингдек, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари мавжуд.

      Қўлга олинганларнинг уч нафари Қирғизистон фуқаролари бўлган. Бундан аввалроқ Қирғизистон нашрлари ҳам, қўшни Қозоғистон ҳудудида олиб борилган махсус амалиётларда қўлга олинганлар ичида Қирғизистон Жокорку Кенеш депутати, Қирғизистон кураш федерацияси раисининг ўринбосари 37 ёшли Асилбек Дамирбек ўғли ҳам борлиги ҳақида хабарлар тарқатган эди. Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатдаги барча мактабларни 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказиш ҳақидаги қонунни имзолади. 

Президент қонунни 21 февраль куни имзолади, у 10 кундан кейин кучга киради.

10 январь куни Қирғизистон парламенти учинчи ўқишда таълим ҳақидаги қонунга тузатишларни маъқуллаганди. Унга кўра мамлакатдаги барча мактаблар 5 кунлик ўқиш графигига ўтиши кўзда тутилган.

Кloop.kg нашри хабарига кўра, гимназиялар ва лицейларнинг ўқувчилари айрим фанлардан чуқурлаштирилган таълим берилиши туфайли 6 кунлик ўқишни давом эттиришади.

Ушбу қонун ташаббускори СДПК фракцияси депутати Дастан Бекешев ҳисобланади. У ташаббусини ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам юкламаларни камайтириш зарурати билан изоҳлаганди.

«Хусусий мактабларда ҳам ҳафтасига 5 кун ўқиш бўлиши керак, олтинчи куни эса болалар маданий тадбирларга, тўгаракларга боришлари ёки вақтини ота-оналари билан ўтказишлари мумкин. Ўқитувчилар ҳам дам олиши керак», — деганди Бекешев.

2017 йилнинг январидан мамлакатдаги мактабларнинг 75 фоизида ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизими жорий қилинганди, гимназия ва лицейлар 6 кунлик графикда давом этмоқда.

Бундан аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда 1 мартдан бошланғич синфларни 5 кунлик ўқишга ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. 

Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, “Ўзбекнефтегаз” АЖ бошқаруви раиси Алишер Султонов ва Қозоғистон бош вазири ўринбосари Аскар Маминни қабул қилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар бермоқда.

Кун.уз сайтига кўра, ушбу давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари “Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон”(ТАПИ) газ қувурининг иккинчи босқичи ишга туширилиши, “Туркманистон – Афғонистон – Покистон” электр узатиш ва оптик-толали алоқа линияларига пойдевор қўйиш муносабати билан ўтказиладиган тантанали тадбирларда ҳамда “Серхетабат – Тургунди” темир йўлининг очилиш маросимида иштирок этиш учун ташриф буюрган.

Туркманистон президентининг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари билан бўлиб ўтган учрашувида ижобий тажриба ҳамда икки халқнинг тарихий, маданий ва маънавий бирлиги асосига қурилган истиқболли ҳамкорлик бўйича фикр алмашилди.

А. Султонов ушбу тадбирлар аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтар экан, мазкур тарихий воқеалар минтақадаги барча давлатлар учун яқин қўшничилик муносабатларини, дўстона ривожланиш, ўзаро фойдали ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги босқичга айланишини таъкидлаб ўтди.

Туркманистон раҳбари Г. Бердимуҳамедов А. Мамин билан суҳбати доирасида Туркманистон – Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

      Тожикистон ва Ўзбекистон икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласини яна бир бор муҳокама қилди. 7 февралдан 16 февралгача Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тожикистон-Ўзбекистон олий даражадаги учрашуви арафасида ўтказилган музокаралар чоғида томонлар давлат чегарасини қолган участкаларда белгилашни давом эттирдилар, музокаралар якунлари бўйича баённома имзоланди. Қайд этилишича, жорий йил ўтказилган Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияларининг йиғилишида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилиниб, учрашув давомида савдо чекловларини бартараф қилиш билан боғлиқ масалалар, фуқароларнинг ҳаракатини соддалаштириш, визасиз тартибни жорий этиш, товарларни ташиш учун тарифларни камайтириш, юк ташиш, транспортларнинг ҳаракатланиши ва қатнови, икки мамлакатни боғлаб турувчи мавжуд йўлларни реабилитация қилиш, давлат чегаралари билан боғлиқ кўплаб масалалар бўйича келишиб олинган. 

     Тожикистон ва Ўзбекистон учун фойдали бўлган сув ва энергетика масаласи, саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиш, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон маданият кунларини ташкил этиш борасида қилинган ва қилинаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Мазкур учрашув икки давлат чегараси бўйича муаммоларни ҳал қилиш учун алоҳида эътибор қаратаётганини кўрсатмоқда. Экспертларнинг фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирларининг икки давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат комиссиялари раҳбарлари этиб тайинланиши ҳам, Душанбе ҳамда Тошкент чегара муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат қилади. Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи март ойи бошига режалаштирилган.  Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги давлатлараро ва ҳукуматлараро битимлар ва келишувларнинг барчаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил баҳорининг бошида Душанбега амалга оширадиган давлат ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ