март 18, 2018 13:01 Asia/Tashkent

Марказий Осиё минтақаларига оид муҳим янгиликларнинг шарҳи

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  эфирга узатамиз.Унда  мазкур минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Бизни тинглаб боринг.

Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашишди;
  2. Нурсултон Назарбоев Имомали Раҳмонни орден билан тақдирлади;
  3. Тожикистон фуқаролари 16 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз киришлари мумкин;
  4. Қирғизистон ва Россия ҳарбий кучларининг қўшма машғулотлари ўтказилди;

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ўтамиз.

Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг илк маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сўранбай Жеенбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди. Туркманистон президенти Гургангули Бердимуҳамадев олдинроқ режалаштирилган олий даражадаги йиғилишлари сабаб учрашувга кела олмади, унинг ўрнига Туркманистон Мажлиси раиси Акжа Нурбердиева қатнашди.

Мезбон давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев учрашув жуда муваффақиятли кечгани, унда халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар муҳокама қилингани ҳақида маълум қилди.

Марказий Осиё давлатлари ҳудудий хавфсизлик, чегара масалалари, транспорт коммуникацияси, сув энергетикаси ресурслари, тариф сиёсати, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.

«Бундай учрашувни мунтазам ўтказиш ва минтақавий муаммоларимизни биргаликда ҳал этиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси. Йиғилишимиз ҳаммамиз учун умумий бўлган Наврўз байрами арафасида ўтаётгани ҳам чуқур маънога эга. Албатта, алоҳида учрашиб турардик, мулоқот қилардик, лекин бундай яхлит учрашув анчадан бери бўлмаган эди», деди Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон президенти бундай учрашув ҳар йили Наврўз байрами арафасида Марказий Осиё давлатларидан бирининг пойтахтида ўтказилишини маълум қилди. 

Навбатдаги учрашув келгуси йили Тошкентда ташкил этилади.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан бўлган учрашувда деди: 

"Биз тўлиқ таркибда деярли 10 йилдан бери учрашмаган эдик, минтақавий ва халқаро кун тартиби масалалари: иқтисодиёт, чегаралар, транспортни муҳокама қилдик. Марказий Осиё доирасидаги асосий масалалар ҳақида суҳбатлашдик. Ҳеч қандай котибият ё идора тузмаганмиз, тузмаймиз ҳам".

Унинг сўзларига кўра, бугун Марказий Осиё давлатлари фаол ҳамкорлик қилмоқда ва ривожланмоқда. 

"Ўтган қисқа вақт ичида йиллар давомида ҳал қилинмаган масалалар ҳал қилинди. Масалан, Ўзбекистон давлат раҳбари барча мамлакатларга боришга улгурди. Ўзбекистон ва Тожикистон, Қирғизистон билан чегарага боғлиқ муаммолар ўн йиллар мобайнида ҳал қилинмаган эди", - деди Назарбоев. 

У Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара демакрацияси жараёнини тўлиқ тугаллаганини таъкидлади. "Барча ҳужжатлар имзоланди. Ҳеч қандай муаммо қолмади. Бу жуда муҳим давр", - деди ҚР президенти.

БМТ маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ЯИМнинг ўртача ўсиши катта суръатларда ривожланди, мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси икки бараварга ошди. 

"Мева ва сабзавотлар Ўзбекистон ва Тожикистонда мўл ҳосил бериб ётибди, биз эса ҳали-ҳануз қулупнайни Исроилдан олиб келамиз. Бу оддий масала эмас. Биз бу савдо тизимини йўлга қўйган амалдорларни қўлга олишимиз керак, уларга ён қўшнилардан олгандан кўра, ўша ерлардан олиб келган фойдалироқ", деди Назарбоев.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остонага расмий ташриф билан келган Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни “Парасат” ордени билан тақдирлади.   

“Сизнинг давлатларимиз ўртасидаги дўстликка хизматларингизни ҳисобга олиб, сизнинг донолигингиз ва Қозоғистонга муҳаббатингиз ишораси сифатида сизни “Парасат” ордени билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзоладим”, деб айтган Назарбоев Раҳмон билан Остонадаги учрашувда.

Раҳмон бу у учун “кутилмаган совға” бўлганини айтган.

“Парасат” ордени билан фан ва маданият, адабиёт ва санъат, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда Қозоғистоннинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва кўпайтириш ёки инсон ҳуқуқлари ва унинг ижтимоий манфаатларини ҳимоялашга катта ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланадилар.

Назарбоевнинг таъкидлашича, Раҳмон раҳбарлигида икки давлат ўртасида катта ишонч, ҳамкорлик ва дўстлик муносабатлари йўлга қўйилган. 

Остона жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослашган судининг судьяси Одилхон Шайхисломов Қозоғистон миллий иқтисодиёт собиқ вазири Қувондиқ Бишимбаевга ҳукм чиқарди.

Янгиликлар. нет сайтига кўра, Мамлакат миллий иқтисодиёт собиқ вазири Қозоғистон Жиноят кодексининг 2 моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди ҳамда 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бундан ташқари, у максимал хавфсизлик тизимига эга бўлган жазони ижро этиш муассасасида сақланадиган бўлди. Шунингдек, Бишимбаевга умрбод давлат хизмати ва давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш тақиқланди, унинг 60 минг доллар ва 5,7 млн тенге миқдоридаги пуллари давлат фойдасига мусодара этилди.

Шунингдек, суд мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевга Қ.Бишимбаевни «Курмет» давлат мукофотидан маҳрум этиш ҳақида мурожаат билан чиққан.

 Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги битимга мувофиқ Тожикистон фуқаролари 16 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз киришлари мумкин, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати. 

"2018-йилнинг 14-март куни Ўзбекистон томони ички давлат процедураларини якунлади — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018-йил 9-март куни Душанбе шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади.

Ёрқин баҳор байрами Наврўз арафасида икки мамлакат аҳолисига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Тожикистон Республикаси фуқароларига ушбу Битимни расман кучга киришига қадар вақтинчалик қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди", — дейилади хабарда.

2018-йил 16-мартдан эътиборан Тожикистон Республикаси фуқаролари амалдаги сафар ҳужжатлари (дипломатик, хизмат ва хорижга чиқиш умумий фуқаролик паспорти) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида визасиз (30 кунгача) бўлишлари мумкин.

Хабарда айтилишича, битимнинг кучга кириш санаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тожикистон Республикасида бўлишига нисбатан қўлланиши тўғрисидаги маълумот қўшимча тарзда эълон қилинади.

Қирғизистон ва Россия ҳарбий кучларининг қўшма машғулотлари Қирғизистон шимолида ушбу мамлакатларнинг юқори мартабали расмийлари иштирокида ўтказилди. 

Қирғизистон ҳарбий кучлари матбуот хизмати Қирғизистон қуролли кучлари ва Россия армиясининг махсус бўлинмалари ўртасида бўлиб ўтган қўшма монёврларнинг тугагани ҳақида хабар берди. 

Россия ва Қирғизистон ҳарбий кучларининг қўшма монёври Қирғизистон шимолида ўтказилди. Мазкур икки мамлакат ҳарбий кучлари машғулотларида режага кўра, уюшган террорчилик гуруҳлари томонидан қўшни юртлар орқали кириб келганда уларга қарши қандай чоралар кўрилиши ва тезкор ҳаракатларни амалга ошириш бўйича тадбирлар ўтказилди. 

Шунингдек, ушбу машғулотларда Қирғизистон ва Россия ҳарбий кучларининг илғор ҳаво ва ер техникалари ишлатилди. 

Қадрли тингловчилар, “Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Омон бўлинг.

 

 

Ёрлиқ