июл 06, 2018 18:13 Asia/Tashkent

Ҳаро қўриқхонаси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Эрон қўриқхоналари” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони билан хизматингиздамиз. Унда мазкур мамлакатнинг биосфера захиралари борасида сўз боради. Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларда таъкидлаб ўтганимиздек, Кавир миллий паркида  ўсимликнинг 355 тури аниқланган. Бу ўсимликлар минтақанинг об-ҳавосига чидамли бўлган ҳолда ўзларига хос тикон, япроқ  ва шохларга эга.

Мазкур миллий паркнинг ҳайвонот олами ҳам турлича бўлиб, бугунги кунда айрим ёввоий ҳайвонларнинг сони камайган. Аммо биёбонларда яшовчи барча ҳайвонларни Эроннинг ушбу минтақасида учратиш мумкин.

Берилган статистик маълумотларга кўра,  сут эмизувчи ҳайвонларнинг 34 тури, қушларнинг 155 тури ва судралиб юрувчи жонзодларнинг 34 тури мазкур минтақада аниқланган.

Осиёнинг юзпаланги, Эрон йўлбарси, бўри, шағол, қум мушуги, қизил тулки, қум тулкиси, кийик, қорақулоқ каби ҳайвонлар Кавир миллий паркининг муҳим ҳайвонларидан ҳисобланишади.

Кавир миллий парки бир вақтлар Эрон зебралари яшайдиган энг қулай жой бўлган. Бироқ кўплаб ҳодисалар, хусусан, қурғоқчилик сабабли бу зебралар Эроннинг бошқа минтақаларига қочиб боришган.  Эрон зебраларини қайтадан Кавир миллий паркига қайтариш учун айрим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айтиш лозимки, Кавир миллий парки ўзида мавжуд табиий жозибалари туфайли  кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилган.

“Қасри Баҳром”, “Сафидоб”, “Лакоб” карвонсаройлари, “Сиёҳкуҳ тошли сув йўли”, “Қайлуқа” сув анбори Кавир миллий паркининг тарихий ёдгорликларидан ҳисобланишади.

Кавир миллий паркида 35 минг  нафар аҳоли 187 қишлоқда яшашади. Мазкур минтақанинг марказий зонасида  араб, турк ва бир қатор қабилалар вакиллари истиқомат қилишади.

Ёдинигизда бўлса, ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Эрон юртида 12та биосфера резервлари  қайд этилгани борасида сизга маълумот берган эдик. Шулардан энг йирик ва гўзал қўриқхоналардан бири Мангрова соҳилидаги доимо яшил ўрмонлар ёки Ҳаро ё Хурхурон халқаро   кичик кўли мажмуаси ҳисобланади. Мазкур қўриқхона Форс кўрфази ва Уммон денгизининг шимолий қисмида жойлашган. Ундан Қишм бандаргоҳигача бўлган масофа 25 ва Ҳурмузгон вилояти маркази Бандар-Аббосгача бўлган масофа 15  километрни  ташкил этади. Ҳаро  қўриқхонасининг узунлиги қарийб 150 километрни, масоҳати 85000 гектарни ташкил этади. Мазкур минтақанинг 6300 гектари ўрмонлардан иборатдир.

Ҳаро қўриқхонасига  геологик жиҳатдан назар ташланса, Загрус тоғининг давомида жойлашгани маълум бўлади. Минтақа шимолида баланд тоғларнинг чўқилари  2347 метрни ташкил этади ва бу тоғлар  қирғоқдаги даштлар билан уланган.  Ҳаро  минтақаси милодий 1976 йилда  қўриқхона сифатида  расман қайд этилган. Милодий 1977 йилда эса Мангрова ўрмонлари ноҳиялари, Хурон бўғози гулзорлари ва дарёлари халқаро ва муҳим кўл  сифатида Кўллар конвенциясида  рўйхатга олинади.

Ҳаро қўриқхонаси иссиқ ва рутубатли об-ҳавога эга бўлиб,  иссиқ бўлган биёбонли минтақаларга тегишлидир. Ёмғиргарчиликнинг йиллик мезони Бандар-Аббосда 146 миллиметрни ва йилнинг ўртача ҳарорати  +27,2  даражани ташкил этади. Мазкур минтақаларда январь ва февраль ойларида ёмғир кўпроқ ёғиши мумкин ва ёз фаслида унда қуруқ иқлимни кузатиш мумкин. Мазкур минтақада энг иссиқ  об-ҳаво  июль ойида кузатилади, яъни  +34,5 даража  ҳамда энг  қуйи даражани  январь ойида кўриш мумкинки, +18,1 даражани ташкил этади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  ярим  соатлик  тонги  дастуримизда “Эрон қўриқхоналари”  рукни остидаги туркум    эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига  радиомизнинг  интернет сайти   ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан узоқлашманг. Эшиттиришимиз давомига диққатингизни жалб этамиз.

Ҳаро қўриқланган минтақаси ўсимлик ўсиши жиҳатидан икки хил ҳолатга эга бўлган. Соҳилга яқин ва ерлари шўр бўлган минтақаларда газ бутталарига ўхшаган ўсимликлар мавжуд. Илмий номи Avicennia marina бўлган бошқа ўсимликнинг турлари Ҳаро минтақасининг аксарият қисмини ташкил этади. Улар янги ўрмонларни ҳам вужудга келтиришган.

 Ҳаро ўсимлигининг бўйи баланд бўлган энг яхши тури  Қишм оролининг яқинида Форс кўрфази сувларида мавжуд. Улар қалин ўрмонларни вужудга келтиришган ва ушбу ўрмонларга бориш учун қуруқлик йўли мавжуд эмас.

Форс кўрфази сувларининг кенглигида Монгрова ўрмонларининг юзага келгани ушбу экосистемани сувда ва қуруқликда  яшовчи жонзод ва қушларнинг бешигига айлантирган. Мазкур минтақада қарийб 14 турга яқин  жонзодлар ва 110 хилга яқин қушлар борлиги аниқланган. Айниқса, ушбу сувларда балиқларнинг кўплаб турларини учратиш мумкин.

Ҳаро минтақаси қуруқлиғида  илмий номи Echiscarinatus бўлган илон ҳам яшайди. Форс тилида ушбу илон жаъфарий деб аталади. Мазкур минтақада яшил тошвақа ва тумшуғбургутли тошвақани ҳам кўриш мумкин. Ушбу тошвақаларнинг сони камайиб бормоқда.

Ҳаро қўриқланган минтақасида жами 52та қишлоқ мавжуддир ва ушбу қишлоқларда 30500 киши яшашади. Қишм эркин минтақаси ушбу қўриқхонага яқиндир ва кичик қаиқлар ясаш ва бошқа саноат корхоналари мавжуд. Ҳаронинг ўрмонли  минтақасида яшовчи маҳаллий  аҳоли бандарий лаҳжасида суҳбатлашади. Уларнинг касбу корлари балиқчилик, чорвадорлик, Ҳаро дарахтлари шохларидан ўтлар тайёрлаш, қаиқ ясаш, тижорат қилиш ва саноат корхоналарида ишлашдан иборатдир.

Ҳаро қўриқланган минтақаси дунёнинг муҳим биосфера захираларидан бўлиб, бугунги кунда ундаги ўрмонлар турли сабабларга кўра нобуд бўлмоқда. Дарахтларнинг кесилиши, сув ва қуруқликдаги  экологик ифлосланишлар, нефт маҳсулотларининг чиқиндилари ушбу қўриқланган минтақанинг нобуд бўлишига таҳдид этмоқда.

Қадрли тингловчилар, Эрон қўриқхоналари”  рукни остидаги туркум    эшиттиришнинг навбатдаги    сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.