Нур томон йӯл--885
«Фуссилат" муборак сураси 45-48-ояти карималарининг шарҳи.
Дастлаб “Фуссилат” муборак сураси 45- ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ فَاخْتُلِفَ فِيهِ ۗ وَلَوْلَا كَلِمَةٌ سَبَقَتْ مِن رَّبِّكَ لَقُضِيَ بَيْنَهُمْ ۚ وَإِنَّهُمْ لَفِي شَكٍّ مِّنْهُ مُرِيبٍ ﴿٤٥﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Батаҳқиқ, Биз Мусога китобни бердик. Бас, у ҳақида ихтилоф қилинди. Агар Роббинг томонидан олдин сўз ўтмаганида, ораларида, албатта, ҳукм чиқариларди. Албатта, улар у ҳақда гумонли шакдадирлар. (Мусо алайҳиссаломнинг қавми Таврот ҳақида ихтилоф қилди. Баъзилари иймон келтирди. Баъзилари куфрга кетди. Худди Қуръонга нисбатан муносабатга ўхшаш муносабат бўлди. Агар Аллоҳ таоло қиёматда ҳисоб-китоб қилишга сўз бермаганида, китобига куфр келтирганларни, албатта, азобга дучор этар эди.) (45)
Ӯтган суҳбатимизда Расулуллоҳга “Келтирган Қуръонинг араб тилида бӯлгани учун у муъжиза эмас. Бошқа тилда китоб келтирсанг, муъжиза эканлигига ишонамиз” дея баҳона келтирадиган Макка мушрикларига ишора қилинган эди.
Бу ояти каримада Аллоҳнинг Расули (с)га қарата буюрилади: Ҳазрат Мусо (а) даврида ҳам Бани Исроил қавми шунга ӯхшаш баҳоналар келтириб, Тавротнинг ҳаққонийлиги ҳақида ихтилоф келтириб чиқаришарди.
Кофирларнинг шубҳа-гумонлари тадқиқ ва изланиш билан ҳақиқатга етадиган табиий шубҳа-гумон эмас, балки уларнинг шубҳаси бидбинлик билан қоришган. Улар бошқаларнинг иймон келтиришига тӯсқинлик қилиш учун ҳар куни бирор-бир баҳона келтиришади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Аллоҳнинг раҳмати кофир ва гунаҳкорларга эҳтимол, тавба қилиб, тӯғри йӯлга қайтарлар деган яхши гумонда муҳлат беришни талаб қилади. Акс ҳолда биринчи марта хатога йӯл қӯйган чоғи киши жазога тортилиб, умри ниҳоясига етарди.
- Шубҳа ҳақиқатга етишиш кӯпригидир. Шак ҳақиқатни ошкор этиш учун саволнинг ибтидоси бӯлиши керак, ҳақиқатни инкор қилиш воситаси эмас.
Энди “Фуссилат” муборак сураси 46-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз:
مَّنْ عَمِلَ صَالِحًا فَلِنَفْسِهِ ۖ وَمَنْ أَسَاءَ فَعَلَيْهَا ۗ وَمَا رَبُّكَ بِظَلَّامٍ لِّلْعَبِيدِ ﴿٤٦﴾
Бу ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Роббинг бандаларга зулм қилгувчи эмас. (46)
Олдинги оятнинг давоми сифатида бу ояти каримада инсонларнинг амали ҳақидаги умумий бир Илоҳий қоида эслатилиб, буюрилади: Яхшилик қилган яхшилик кӯради, ёмонлик қилганнинг ёмонлиги ӯзига қайтади. Бошқача қилиб айтганда ҳар бир киши ӯз амалининг ширин ёхуд тахир мевасини татиб кӯради. Зеро, Аллоҳ бандаларига ҳеч қачон зулм қилмайди.
Инсоният жамиятида мукофот ва жазо тизими айрим шартномалар билан белгилаб қӯйилган. Аммо Илоҳий мукофот ва жазо тизими амал ва аксиламалнинг мутаносиблигига боғлиқ.
Мисол учун биров билиб туриб заҳарли овқат тановул қилса заҳарланиб, соғлиги хавф остида қолади. Бу касаллик унинг сифатсиз овқатни истеъмол қилганининг жазосидир. Бу ишда у ҳеч кимни айблай олмайди.
Куфр ва гуноҳ шаксиз, инсоннинг руҳ ва жонига салбий таъсир кӯрсатади. Бу таъсир дунёда турли муаммолар шаклида кӯриниш беради. Булар гуноҳнинг дунёвий жазолари ҳисобланади. Охиратда эса гуноҳнинг инсон руҳи ва жонига ӯтказган салбий таъсири даҳшатли азоб ва дӯзах олови шаклида зоҳир бӯлади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Бирор амални бажаришга ихтиёр, ирода ва қарор қабул қилишга ҳақли эканмиз, ӯз амалимизнинг натижасини бошқалар зиммасига юклай олмаймиз.
- Мусибатлар ва ҳаётимиздаги нохуш ҳодисаларни Аллоҳга нисбат бермаслигимиз лозим, зеро, Аллоҳ ҳеч кимга зулмни раво кӯрмайди.Мусибатлар ӯз амалимизнинг маҳсулидир.
Энди “Фуссилат” муборак сураси 47-48-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
إِلَيْهِ يُرَدُّ عِلْمُ السَّاعَةِ ۚ وَمَا تَخْرُجُ مِن ثَمَرَاتٍ مِّنْ أَكْمَامِهَا وَمَا تَحْمِلُ مِنْ أُنثَىٰ وَلَا تَضَعُ إِلَّا بِعِلْمِهِ ۚ وَيَوْمَ يُنَادِيهِمْ أَيْنَ شُرَكَائِي قَالُوا آذَنَّاكَ مَا مِنَّا مِن شَهِيدٍ ﴿٤٧﴾ وَضَلَّ عَنْهُم مَّا كَانُوا يَدْعُونَ مِن قَبْلُ ۖ وَظَنُّوا مَا لَهُم مِّن مَّحِيصٍ ﴿٤٨﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Соат (Қиёмат) илми Унинг Ўзигагина қайтарилур. Барча меваларнинг гулкосаларидан чиқиши ҳам, ҳар бир урғочининг нимага ҳомиладор бўлиши ҳам, нимани туғиши ҳам фақат Унинг илми ила бўлур. У зот уларга: «Менинг шерикларим қани?!» деб нидо қиладиган кунда, улар: «Биз Сенга билдирамизки, бунга биздан бирорта гувоҳ йўқ», дерлар. (47) Ва улардан илгари илтижо қилиб юрган нарсалари ғойиб бўлди. Улар ўзларига қочар жой йўқлигига тўла ишондилар. (48)
Бу ояти карималарда буюрилади: қиёматнинг қойим бӯлиш вақтини ҳеч ким билмайди. Бу илм фақат Аллоҳга хосдир. Гарчи Худо ӯзининг пайғамбарлари орқали қиёмат ҳақидаги баъзи маълумотларни юборган бӯлсада, аммо бу илмнинг сирлари инсон учун махфийдир.
Ояти карималарнинг давомида буюрилади: Фақат қиёмат сирлари эмас, балки сиз инсонлар учун номаълум бӯлган шу оламнинг кӯпгина сир-асрорлари ҳам Аллоҳ учун ошкорадир.
Ояти карималарда шунингдек, қиёматни инкор қилувчи мушрикларга қарата буюрилади: қиёмат маҳкамасида улардан сӯралади: сиз худо деб ӯйлаган ашё ва шахслар қани? Ӯша сиғинганларингизни чақиринг, бугун келиб додингизга етсин.
Улар жуда умидсиз ғамгин бир алфозда жавоб беришади: Биз дунёда айтган гапларимиз ботил ва асоссиз эканлигини энди англаб етдик.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Қиёмат қоим бӯладиган кунни билмаслик уни инкор қилишга далил бӯлолмайди. Масалан, инсон ӯзининг қачон ӯлишини билмайди. Бу одам абадий яшайди дегани эмас.
- Аллоҳнинг илми нафақат умумий билимларни, балки инсонга таъаллуқли энг кичик нарсаларни ҳам қамраб олади.
- Дунёда қиёмат куни қӯлидан ҳеч нарса келмайдиган кимсаларга эргашмаслигимиз лозим. Охиратда мушриклар ӯзлари ва маъбудларининг бечоралигини баланд овозда эълон қилишади.
- Қиёмат саҳнасида Ҳақ жилваланган чоғи барча ботил маъбудларнинг пуч эканлиги ошкор бӯлади. Мушриклар ӯтмишларининг ботил, келажакларининг мавҳум эканлигини англаб етишади.