Нур томон йӯл – 905
"Зухруф" муборак сураси 49-56-ояти карималаринингшарҳи
Дастлаб "Зухруф" муборак сураси 49-50-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
وَقَالُوا يَا أَيُّهَ السَّاحِرُ ادْعُ لَنَا رَبَّكَ بِمَا عَهِدَ عِندَكَ إِنَّنَا لَمُهْتَدُونَ ﴿٤٩﴾ فَلَمَّا كَشَفْنَا عَنْهُمُ الْعَذَابَ إِذَا هُمْ يَنكُثُونَ ﴿٥٠﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Улар: «Эй сеҳргар! Сенга берган аҳдига биноан, биз учун Роббингга дуо қил! Албатта, биз ҳидоят топгувчилардан бўламиз», дедилар. (49) Бас, қачонки улардан азобни аритсанг, тўсатдан улар (аҳдни) бузарлар. (50)
Ӯтган суҳбатимизда Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн ва унинг атрофидагиларини ҳидоят қилиш учун чеккан заҳматлари ҳамда уларга муъжизалар кӯрсатгани ҳақида гапирилган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: Улар ҳазрат Мусонинг тавҳид ва оламларнинг Парвардигорига итоъат қилиш ҳақидаги даъватига эътибор қаратишмас эди. Аммо азоб-уқубат ва қийинчиликларга гирифтор бӯлган чоғи ҳазрат Мусодан: Худойингдан илтимос қил, бошимиздан балоларни узоқлаштирсин, дея ялинишарди. Балолардан қутулсак, сенга иймон келтирамиз, дея ваъда беришарди.
Қизиғи шундаки, Мусодан ёрдам сӯрашларига қарамай, яна уни жодугар деб аташарди. Улар пайғамбарлар жодугарлар каби одамларни атрофларига йиғиш учун ақл бовар қилмас ишларни бажаришади, деган фикрда эдилар.
Бу такаббур ва ғурурга берилган қавмнинг иймон келтириш ҳақидаги ваъдалари ёлғон эди. Шу сабабли ояти кариманинг давомида буюрилади: Бу золимларнинг бошидан балоларни кӯтарганимизда улар ӯз ваъдаларини бузиб, иймон келтиришмади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Барча одамлар қийинчиликка юзланган чоғи “Дуо қилинг, Худо бизга нажот берсин” дея Аллоҳнинг дӯстларига юзланишади.
- Муаммоларга юзланиб, хавф-хатарни ҳис қилган чоғи инсонларда Худошунослик фитрати уйғониб, Худони эслашади. Аммо бало-қазо бартараф бӯлгач, яна ғафлатга берилиб, Яратувчини унутишади.
Энди "Зухруф" муборак сураси 51-53-ояти карималарининг тиловатига қулоқ соламиз:
وَنَادَىٰ فِرْعَوْنُ فِي قَوْمِهِ قَالَ يَا قَوْمِ أَلَيْسَ لِي مُلْكُ مِصْرَ وَهَـٰذِهِ الْأَنْهَارُ تَجْرِي مِن تَحْتِي ۖ أَفَلَا تُبْصِرُونَ ﴿٥١﴾ أَمْ أَنَا خَيْرٌ مِّنْ هَـٰذَا الَّذِي هُوَ مَهِينٌ وَلَا يَكَادُ يُبِينُ ﴿٥٢﴾ فَلَوْلَا أُلْقِيَ عَلَيْهِ أَسْوِرَةٌ مِّن ذَهَبٍ أَوْ جَاءَ مَعَهُ الْمَلَائِكَةُ مُقْتَرِنِينَ ﴿٥٣﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Фиръавн ўз қавмига: «Эй қавмим! Миср мулки ва мана бу остимдан оқиб турган анҳорлар меники эмасми?! Кўрмаяпсизларми?! (51) Мен мана бу хор, гапини очиқ баён қила олмайдиган кимсадан яхши эмасманми? (52) Унга тиллодан бўлган билакузуклар ташланса ёки у билан бирга фаришталар ҳамроҳ бўлиб келса бўлмас эдими?!» деб нидо қилди. (53)
Фиръавн ва қавми ҳазрат Мусонинг муъжизаларига гувоҳ бӯлган, шунингдек, унинг дуоси билан балолардан нажот топган эдилар. Бу нарсалар одамларнинг руҳиясига таъсир ӯтказди ва уларнинг Фиръавн ҳақидаги фикрларини ӯзгартирди. Фиръавн ва унинг атрофидагилар пайғамбарнинг даъватини қабул қилишмади.
Фиръавн қавми Мусо алайҳиссаломнинг муъжизалари таъсирига берилмаслиги учун пайғамбарни таҳқирлаб, ӯзини улуғламоқчи бӯлди. У қавмига қарата деди: Чексиз Миср ҳудудларининг ҳукумати менинг ихтиёримда. Бу дарёлар менинг буйруғимга итоат қилиб, қаср ва боғларимдан оқиб ӯтади. Аммо Мусонинг нимаси бор? У ҳатто дуруст гапиролмайди.
Мисрдаги барча кичик дарёларнинг сарчашмаси бӯлган Нил дарёси Миср ободончилигининг асосий манбаси эди. Одамларнинг ичимлик ва суғориш учун ишлатиладиган сувини таъминловчи бу улкан дарёнинг суви Фиръавн буйруғи асосида тақсимланарди. Шундай қилиб, халойиқнинг тирикчилиги, яъни сув билан таъминоти Фиръавннинг буйруғига боғлиқ эди. Шу сабабли у ӯзини одамларнинг худоси дея тасаввур қиларди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Тоғутлар ва мустабид қудратлар ақл ва мантиққа амал қилишмайди. Улар ӯз қудрат, бойлик ва шуҳратлари билан сармастдирлар.
- Одамларнинг кийими, ташқи кӯриниши ва гапириш лаҳжасини масхаралаш ва менсимаслик фиръавний хусусият ҳисобланади.
- Қайси бир жиҳатдан бӯлмасин ӯзини бошқалардан устун кӯрган кишининг ахлоғи фиръавнийдир.
Энди "Зухруф" муборак сураси 54-56-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз:
فَاسْتَخَفَّ قَوْمَهُ فَأَطَاعُوهُ ۚ إِنَّهُمْ كَانُوا قَوْمًا فَاسِقِينَ ﴿٥٤﴾ فَلَمَّا آسَفُونَا انتَقَمْنَا مِنْهُمْ فَأَغْرَقْنَاهُمْ أَجْمَعِينَ ﴿٥٥﴾ فَجَعَلْنَاهُمْ سَلَفًا وَمَثَلًا لِّلْآخِرِينَ ﴿٥٦﴾
Бу ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
Бас, у қавмини лақиллатди ва улар унга итоат қилдилар. Чунки улар фосиқ қавм эдилар. (54) Бас, қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, улардан интиқом олдик–уларнинг барчаларини жамлаб, ғарқ қилдик. (55) Бас, уларни ўтмишга айлантирдик ва кейингиларга мисол қилиб қўйдик. (56)
Ӯзини улуғлаб, ҳазрат Мусони менсимаган Фиръавн ӯз қавмини гумроҳ айлади. Уларга ақлларини ишлатиб, ҳақиқатни англашларига имкон бермади. Қавми Фиръавнга сӯзсиз итоат қилишарди.
Албатта, барча золим ҳукуматларнинг услуби шу: улар халқни ахмоқ деб ӯйлашади. Уларнинг эркинликларини чеклаб, ёлғон қадриятларни асил қадрият сифатида жилвалантиришади. Зеро, одамларнинг уйғониши, уларнинг фикрий жиҳатдан ривожланиши диктаторлик тузумлари учун асосий таҳдид ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳам мустабид қудратлар радио, телевидение, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали халқларнинг ақл-тафаккурини тасхир қилиб, улардан итоатгуй одамлар ясашга ҳаракат қилишади. Улар халқнинг ҳақиқатларни англашига йӯл қӯйишмайди. Шу йӯл билан одамларни ӯзларининг қарамига айлантиришади.
Табиийки, Фиръавн ва фиръавний ҳукуматларга эргашган кишилар фиръавнийлар оқибатига шерик бӯлиб, Аллоҳнинг қаҳр-ғазабига дучор бӯладилар.
Шаксиз, Фиръавн ва фиръавнийлар ҳаёти ҳамда уларнинг аччиқ саргузашти келажак авлод учун улуғ сабоқдир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
- Фисқ-фасодга берилган ҳукуматлар одамларни босим остида ушлаб туришади. Улар ӯзлигини бой берган одам итоатгуй бӯлишини яхши билишади.
- Худога итоат қилмаган жамиятлар охир-оқибат золим ҳукмдорларнинг қулига айланадилар.
- Баъзида Аллоҳнинг қаҳр-ғазаби шу дунёдаёқ айрим қавмларни ҳалок айлаб, уларни бошқалар учун ибрат намунасига айлантиради.