Нур томон йўл (987)
Муборак Ҳадид сурасининг 1-9-ояти карималарининг шархи.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Олдинги дастурда муборак Воқеьа сураси тугаши билан ушбу дастурда Ҳадид сураси оятларини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз. Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган ва 29 оятдан иборат. Суранинг номи 25-оятдан олинган бўлиб, у темирнинг неъматига ишора қилади. Темир куч ва қудрат рамзи бўлиб, жамиятда адолат ва хавфсизликни ўрнатиш учун куч ва қудратдан фойдаланиш кераклигини англатади.
Аввал муборак Ҳадид сурасининг 1-3-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ
سَبَّحَ لِلَّهِ مَا فِی السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَهُوَ الْعَزِیزُ الْحَکِیمُ، لَهُ مُلْکُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ یُحْیِی وَیُمِیتُ وَهُوَ عَلَى کُلِّ شَیْءٍ قَدِیرٌ، هُوَ الْأَوَّلُ وَالْآخِرُ وَالظَّاهِرُ وَالْبَاطِنُ وَهُوَ بِکُلِّ شَیْءٍ عَلِیمٌ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
1 - Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтди. Ва У азиз ва ҳакимдир. 2 - Осмонлару ернинг мулки Уникидир. У тирилтирур ва ўлдирур ва У ҳар бир нарсага қодирдир. 3 - У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир. Ва У ҳар бир нарсани билувчидир.
Қуръоннинг баъзи сураларида “Фотиҳа ул-Китоб” (Ҳамд сураси) каби Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланади, баъзилари эса бу сура каби Аллоҳ тасбиҳ билан бошланади. Аммо Қуръон оятларининг умумийлигида Аллоҳга тасбиҳ сўзи ҳамд айтишдан кўра кўпроқ қўлланилади ва бир қанча оятларда, жумладан, Ҳадид сурасининг биринчи оятида бу масала (Аллоҳга тасбиҳ айтиш) дунёдаги барча махлуқотларга нисбат берилган, шу жумладан жонсиз нарсалар, ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамларни ўз ичига олади.
Аллоҳни улуғлаш ва унга тасбиҳ айтиш ҳар хил жаҳолат, нолойиқлик ва нуқсонлардан уни муназзаҳ ва пок бўлишдир. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг чексиз илми, қудрати ва ҳикматига далолат қилувчи барча махлуқотларнинг яратилиши унинг муқаддас зотининг ҳар қандай нуқсонлардан поклигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, барча мавжудотлар Аллоҳга тасбиҳ ва ҳамд айтишмоқда. Бу ҳар бир мавжудот ҳозирги замон ёки ўтган замонда тан оладиган нарса, гарчи биз буни тушунмасак ҳам.
Бу оятларда Аллоҳ таолонинг борлиқ эгаси эканлиги тилга олинади. Аллоҳ таолонинг дунёга эгалиги нисбий эмас, балки У осмонлар ва ернинг ҳақиқий эгасидир. У ҳамма нарсага ҳукмронлик қилади ва бутун дунё унинг кучи ва иродаси ва буйруғи остидадир.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Бу борлиқ буюклик ила Аллоҳнинг қудрати, ҳикмати ва тадбирига далолат қилади ва уни илм ва қудратдаги ҳар қандай нуқсонлардан пок деб билади.
2. Дунёнинг ҳақиқий эгаси ва ҳукмдори Аллоҳ таолодир. Ўткинчи мулкимиз ва ҳокимятимиз билан фахрланмайлик.
3. Баъзилар ўзларида ҳам Аллоҳ каби илм, қудрат ва ҳикмат бор деб ўйлашлари мумкин, лекин билишимиз керакки, бизнинг ҳаётимиз ва ўлимимиз Аллоҳнинг қўлида ва биз унга ўхшаб азалий ва абадий эмасмиз.
Энди муборак Ҳадид сурасининг 4-6-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
هُوَ الَّذِی خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ فِی سِتَّةِ أَیَّامٍ ثُمَّ اسْتَوَى عَلَى الْعَرْشِ یَعْلَمُ مَا یَلِجُ فِی الْأَرْضِ وَمَا یَخْرُجُ مِنْهَا وَمَا یَنْزِلُ مِنَ السَّمَاءِ وَمَا یَعْرُجُ فِیهَا وَهُوَ مَعَکُمْ أَیْنَ مَا کُنْتُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِیرٌ، لَهُ مُلْکُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَإِلَى اللَّهِ تُرْجَعُ الْأُمُورُ، یُولِجُ اللَّیْلَ فِی النَّهَارِ وَیُولِجُ النَّهَارَ فِی اللَّیْلِ وَهُوَ عَلِیمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
4 - У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам унга нима чиққанини ҳам биладир. У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир. 5 - Осмонлару ернинг мулки Уникидир ва барча ишлар Аллоҳнинг Ўзигагина қайтадир. 6 - У кечасини кундузга киритадир, кундузни кечасига киритадир ва У кўксингиздаги нарсани ҳам яхши билувчидир.
Қуръони каримга кўра, бугунги кунда биз кўриб турган азамат ва буюклик билан дунё олти узоқ даврда пайдо бўлган ва Аллоҳ таоло бу дунё учун белгилаб қўйган сабаб ва қонунлар асосида оламни аста-секин яратган.
Худо дунёни яратган ва уни созлаган соатсоздир ва кейин уни ўз холига қолдирган, деб ҳисоблайдиган баъзиларнинг фикрига қарши айтиш керакки; дунё ишларини бошқариш ва уни сақлаб қолиш ва омон қолиши ҳамиша Аллоҳнинг қўлидадир. Шубҳасиз, бу дунё тузумлари, еру осмонда узлуксиз содир бўладиган кичик-катта ҳодисалар унинг илми ва қудрати остидадир.
У барча яратганлари биландир; Унинг билими уларнинг барча ҳолатларини ўраб олади ва Унинг қудрати уларга қилаётган ишларида ёрдам беради. У нафақат бандаларининг қилмишларидан, балки уларнинг онги ва қалбида нималар бўлаётганидан, ниятларидан ҳам хабардордир.
Бу оятларда назарда тутилган яна бир масала кеча ва кундуз масаласидир. Кун ва туннинг кўпайиши ва қисқариши, йил давомида тўрт фаслнинг пайдо бўлиши унинг тадбиридир. Шубҳасиз, фаслларнинг бу алмашиши инсонлар учун кўп неъматларга эга.
Аста-секинлик билан куннинг кечага/туннинг эса кундузга айланиши Аллоҳнинг ҳикматига асосланади. Бу аста-секинлик махлуқотларнинг аста-секин кун ёруғидан тун зулматига ва тун зулматидан кундуз ёруғлигига ўтишига сабаб бўлади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Илоҳий ҳикмат дунё тизимининг аста-секин яратилишини ва унинг ўзгариши кескин эмас, аста-секин бўлишини талаб қилди.
2. Аллоҳ коинотнинг барча тафсилотларидан хабардордир.
3. Инсон тарбиясида илмга эътиқод ва Аллоҳ таолонинг инсоннинг ички ҳолати ва ташқи ҳаракатларидан хабардорлиги муҳим рол ўйнайди.
4. Аллоҳ таоло дунёни ҳам яратган (ўзининг чексиз илми ва ҳикматига асосланиб) ва ҳам дунё ишларини бошқарувчидир.
5. Кеча ва кундузнинг айланиши, кеча ва кундузнинг қисқариши ва узайиши илоҳий режалаштиришнинг намунасидир.
Сўнгда муборак Ҳадид сурасининг 7-9-ояти карималари қироатига қулоқ тутамиз:
آمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَأَنْفِقُوا مِمَّا جَعَلَکُمْ مُسْتَخْلَفِینَ فِیهِ فَالَّذِینَ آمَنُوا مِنْکُمْ وَأَنْفَقُوا لَهُمْ أَجْرٌ کَبِیرٌ، وَمَا لَکُمْ لَا تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالرَّسُولُ یَدْعُوکُمْ لِتُؤْمِنُوا بِرَبِّکُمْ وَقَدْ أَخَذَ مِیثَاقَکُمْ إِنْ کُنْتُمْ مُؤْمِنِینَ، هُوَ الَّذِی یُنَزِّلُ عَلَى عَبْدِهِ آیَاتٍ بَیِّنَاتٍ لِیُخْرِجَکُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ وَإِنَّ اللَّهَ بِکُمْ لَرَءُوفٌ رَحِیمٌ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
7 - Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир. 8 - Сизларга нима бўлдики, Аллоҳга иймон келтирмайсизлар?! Ҳолбуки, Пайғамбар сизларни Роббиингизга иймон келтиришга чақириб турибдир. У сизлардан аҳд олган эди. Агар иймон келтирувчи бўлсаларингиз. (Яъни, Агар сизлар ўзи бирор нарсага ишонувчи бўлсаларингиз, нима учун Аллоҳга ишонмаяпсизлар. Ҳолбуки, орангизда Пайғамбар юриб, сизни парвардигорингизга иймон келтиришга чақириб турибди.) 9 - У зот Ўз бандасига сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун равшан оятларни туширадир. Ва, албатта, Аллоҳ сизларга шафқатли ва раҳмлидир.
Аллоҳ таолога иймон келтириш инсоннинг қалбида Аллоҳнинг борлигига иймон келтириши ва уни тили билан иқрор қилиши фақат қалб ёки тил масаласи эмас, балки инсон Аллоҳ таолонинг амрларига амал қилиши, ҳаром қилган нарсадан қочиши зарурдир.
Бу оятлар мўминларга хитоб қилиб, шундай дейилади: Аллоҳга ва унинг пайғамбарига иймон келтиринг ва уларнинг амрларига амал қилинг, улардан бири Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдир. Ўтмишдан мерос бўлиб қолган ва ҳозир қўлингизда бўлган мулкдан бериш. Шундай кун келадики, сиз у ерда бўлмайсиз ва бу мулк сизнинг меросхўрларингиз учун мавжуд бўлади.
Шундай экан, агар иймонга даъво қилсангиз, иймоннинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратиб, Аллоҳ таоло ўз китобида ваъда қилган нарсани бажаришингиз керак. Чунки Қуръон жаҳолат, зулм ва куфр зулматларини кетказувчи, қалбдаги иймон, илм ва огоҳлик нурини ёритувчи ҳидоят китобидир. Албатта, Қуръон нури ила ҳақ йўлида юрган инсонни Аллоҳнинг чексиз фазлу ва раҳмати қамраб олади.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Аллоҳ таолонинг халқига эътибор бермай, уларнинг эҳтиёжларини қондирмай, фақат Оллоҳга иймон келтириш даъводан бошқа нарса эмас.
2. Пайғамбарлар одамларни ўзларига эмас, Аллоҳга даъват қилар эдилар/ балки бу даъват йўлида жонларини ҳам йўқотгандирлар.
3. Инсониятни жаҳолат, ширк ва хурофот зулматларидан қутқаришнинг йўли Қуръони Каримга мурожаат қилиш ва унинг таълимотига амал қилишдир.
4. Одамларга пайғамбарлар ва муқаддас китоблар орқали йўл кўрсатиш Аллоҳ таолонинг инсониятга кўрсатган раҳмати ва иноятининг энг яхши белгисидир.
Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр.