октябр 24, 2020 11:18 Asia/Tashkent
  • Сингапурлик олимлар коронавирусни нафас орқали бир неча дақиқада аниқлаб берадиган тест яратишди

Сингапурда одамда COVID-19 бор ёки йўқлигини бир неча дақиқада аниқлаб берадиган янги тест яратилди, деб хабар бермоқда «РБК» The Straits Times’га таяниб. Ихтиро Сингапур миллий университети (NUS)га қарашли Breathtonix компаниясига тегишли.

Дастлабки клиник синовларда Сингапур Миллий юқумли касалликлар марказининг 180 нафар бемори иштирок этган. Тадқиқотнинг аниқлик даражаси 90 фоиз атрофида бўлган. Тадқиқотчилар яна 600 нафар кўнгиллида тестни синаб кўрмоқчи.

Breathtonix тести шиллиқ қаватдан суртма олиш талаб этилувчи анъанавий ПЗР-тестидан фарқли равишда одам нафасининг кимёвий таркибидаги ўзгаришларни қайд этади.

Таъкидланишича, ҳар бир нафасда ҳужайралардаги биокимёвий реакциялар натижасида ҳосил бўладиган учувчи органик бирикмалар деб номланадиган кўринмас зарралар мавжуд. Breathtonix ижрочи директори Цзя Чжунаннинг сўзларига кўра, учувчи органик бирикмаларни COVID-19 каби касалликлар маркерига киритиш мумкин.

Цзя Чжунаннинг айтишича, бундай тестердан фойдаланиш учун ходим махсус ўқитилган бўлиши талаб этилмайди. «Натижалар реал вақтда чиқариб берилади», — деган у ва диагностика одам энг гавжум бўладиган жойларда, масалан, аэропортларда ўтказилиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Сингапур Миллий юқумли касалликлар марказида айтилишича, Бреатҳоних ихтироси скрининг тести бўлиб хизмат қилиши мумкин, аниқроқ натижа учун эса ПЗР-тести керак бўлиши мумкин.

Ёрлиқ