ноябр 04, 2017 19:34 Asia/Tashkent

Марказий Осиёга доир муҳим янгиликлар шарҳи

         Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

        Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини  мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.

      Бугунги суҳбатимизда минтақада жойлашган  мамлакатларга доир сиёсий, иқтисодий, ижтимоий,  маданий ва илмий янгиликлар борасида сўз юритилади. Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Бизни тинглаб боринг!

     Муҳим мавзуларнинг қисқача сатрлари:

  1. Қирғизистон бош вазири Қозоғистон билан чегарадаги вазиятга изоҳ берди
  2. Қозоғистон Бош вазири Қирғизистон Бош вазирининг айбловига жавоб қайтарди
  3. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2 ноябр куни Тожикистонга расмий ташриф билан борди
  4. Қирғизистон президенти Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қуриш ишларини дарҳол бошлашни буюрди
  5. Қозоғистон президенти Остона шаҳрида Сурия сулҳи учун ўтказилган музокарада иштирок этувчи делегациялар билан учрашди
  6. Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ҳукмрон партиясида ўзгаришларга эҳтиёж борлигини тан олди  

Энди эса ушбу мавзуларнинг тафсилотларига ўтамиз.

       Қирғизистон бош вазири Қозоғистон билан чегарадаги вазиятга изоҳ берди. МДҲ Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирокчилар Эркин савдо ҳудуди шартномаси доирасида олиб борилаётган масалаларни муҳокама қилишди. Kun.uz мухбири хабар қилишича, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исақов айнан Эркин савдо ҳудуди шартномасига қўшилган Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида чегара муаммолари пайдо бўлаётганини таъкидлади. "Шартнома келишувида таъкидланган бандлардан фойдаланган Қозоғистон ҳукумати Қирғизистондан ўтиб келаётган товарларни чегарада асоссиз ва сунъий равишда тўхтатиб турибди. Контрабанда сифатида ушлаб қолинган маҳсулотларнинг 20 фоизи қишлоқ хўжалиги товарлари, жумладан картошка, пиёз, сут маҳсулотлари ҳисобланади. Буларни қандай қилиб, контрабанда дейиш мумкин. Қолаверса, қозоқ-қирғиз чегара йўлагидан фойдаланувчи хусусий тадбиркорлар бундан азият чекмоқда. Қирғиз ҳукумати Қозоғистон томонидан чегара назоратини кучайтириш масаласи вақтинча бўлади, деган умиддамиз”, дейди у.

        Қозоғистон Бош вазири Қирғизистон Бош вазирининг айбловига жавоб қайтарди. Ўз ўрнида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Бакитжан Сагинтаев айбловларга жавоб қайтарди. "Бу нотўғри фикр, деб ҳисоблайман ва Қозоғистон Эркин савдо ҳудуди шартномаси талабларидан чиқмаган ҳолда иш олиб бораётганини билдираман. Биз ҳамкорлик доирасида эришилган келишувларга таяниб, айбловларни асослантирилишини сўрайман. Биз бу ҳақда очиқ гапирмоқдамиз, шунингдек, жавобни тез орада эшитамиз, деб ўйлайман”, дейди у. Бундан ташқари, қозоқ Бош вазири ўз нутқида чегара божхона қисмида кучайтирилган назоратга изоҳ бериб, "Эркин савдо ҳудуди шартномасини қўллаб, ветеринар, фитосанитар ва божхона назорати” бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

      Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2 ноябр куни Тожикистонга расмий ташриф билан борди, деб хабар бермоқда Туркманистон давлат раҳбари матбуот хизмати. Навбатдаги туркман-тожик учрашуви илгари эришилган ҳукуматлараро битимларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилашга мўлжалланган. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Душанбедаги музокараларда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди. Шу нуқтайи назардан таъкидланишича, вақтнинг ўзи қўшни давлатдаги вазиятга фақат тинч, сиёсий воситалар орқали, Афғонистоннинг барча масъул ва конструктив кучлари иштирокида кенг умуммиллий мулоқот асосида ечим топиш мумкин эканини кўрсатиб берди. Афғонистон муаммосини ҳал этишнинг ҳарбий, куч усуллари самарасиз ҳамда ҳеч қандай истиқболга эга эмас.Туркманистон раҳбари Афғонистонга халқаро ҳамжамият, биринчи навбатда БМТнинг тинчликпарварлик салоҳиятини янада кенгроқ жалб этишга чақирди. Унинг таъкидлашича, 14-15 ноябрь кунлари Ашхободда Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Конференцияси ўтказилади. Туркманистон президенти режалаштирилаётган форум самарадорлигига ҳамда Тожикистон делегациясининг унинг ишида иштирок этишига умид билдирди.

 

  Қирғизистон президенти Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қуриш ишларини дарҳол бошлашни буюрди. Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги воқеалар муносабати билан Туркманистон ва Эрон орқали Ҳинд океанига чиқиш имконини берувчи Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини дарҳол бошлаш керак. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бишкекда қатор давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимида ана шундай баёнот берди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон. "Ҳукумат зудлик билан темир йўл тадқиқотлари ва лойиҳалаштириш билан шуғулланувчи қирғиз-хитой қўшма корхонаси учун имтиёзли кредит масаласини кўриб чиқиши даркор. Ўз вақтида кредит олмаслик керак, бизга муқобил йўл қуришнинг кераги йўқ, деган айрим депутатларнинг чақириқларидан кейин ҳукумат кредит олгани чўчиган эди. Улар шунчаки ўзини кўрсатиш билан шуғулланишганини ҳаёт кўрсатмоқда. Иқтисодиётни ривожлантириш учун биринчи навбатда йўллар керак", — деди Атамбаев. Президент "Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги сўнгги воқеалар зудлик билан Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини лойиҳалаш ва қуриш зарурлигини яққол кўрсатганини" таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар сентябрда Атамбаев Қозоғистонни мамлакатдаги президентлик сайлови жараёнларига аралашишда айблаганидан сўнг ёмонлашди. Қозоғистон 10 октябр куни Қирғизистон билан чегарада назоратни кучайтирганидан кейин чегарада юк машиналаридан иборат бир неча километрлик тирбандликлар юзага келди.

      Қозоғистон президенти Остона шаҳрида Сурия сулҳи учун ўтказилган музокарада иштирок этувчи делегациялар билан учрашганида, Сурия бўҳронининг музокара ўтказиш орқали тинч йўл билан ҳал этилишини ва ҳарбий стратегияни қўлламасликни таъкидлади. Ирна ахборот агентли тарқатган хабарга кўра, Нурсултон Назарбоев сешанба куни Остона музокарасини кузатувчилари ва кафил мамлакатларнинг намояндалари билан учрашган чоғида ушбу ҳайъатларнинг суриялик гуруҳларнинг қарашларини ўзаро яқинлаштириш учун олиб борган саъй-ҳаракатларини ҳимоя қилиб Сурияда бўҳронли ҳаракатнинг давом этишини минтақа ва жаҳон барқарорлиги ва тинчлиги учун зиён деб атади.

     Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ҳукмрон партиясида ўзгаришларга эҳтиёж борлигини тан олди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда содир бўлаётган ўзгаришларга мос равишда «Нур Отан» ҳукмрон партиясини модернизация қилиш зарурлигини маълум қилди, дея хабар бермоқда Кун уз сайти. У бу ҳақда Остонада «Нур Отан» партияси сиёсий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди. Сиёсий кенгаш партиянинг олий вакиллик органи ҳисобланади. «Мамлакат модернизация қилинаётгани учун иқтисодиёт ва сиёсий кучлар ҳам бунга мос келишлари керак», - дея таъкидлаб ўтган давлат раҳбари.  Унинг сўзларига кўра, ўтган йилларда ҳукмрон партия Қозоғистонда «вазиятни барқарорлаштириш», шунингдек, Қозоғистонни ривожлантириш ва аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича белгилаб қўйилган вазифаларни бажаришга катта ҳисса қўшди. РИА «Новости»’нинг хабар беришича, Назарбоев бунинг сабаби жаҳон бозорларида рўй бераётган глобал рақобат, дунёдаги янги технологик инқилоб эканини таъкидлаган.

 Муҳтарам тингловчилар, "Марказий Осиё  ўтган ҳафта ичида" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонига ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.