Нур томон йўл (1002)
Муборак Саф сурасининг 1-6-ояти карималарининг шархи.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Раҳмат пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳи покларига саломлар ва салавотлар бўлсин. Сиз азиз тингловчиларга салом билан, “Нур томон йўл” дастурининг навбатдаги сонида Қурони Каримдаги оятларнинг содда ва равон тафсири билан сизнинг хизматингиздамиз.
Олдинги дастурдаги муборак Мумтаҳана сураси тугаши билан ушбу дастурда Саф сураси оятларини осон ва равон тафсир қилишни бошлаймиз. Бу сура ҳам Мадинада нозил қилинган ва 14 оятдан иборат. Ўша оятларнинг диққат марказида Исломнинг борлигини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўриш ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод бўлиб, бу ҳолда Ислом барча динлар устидан ғалаба қозониши ҳақидаги илоҳий ваьда амалга ошади.
Аввал муборак Саф сурасининг 1-3-ояти карималари қироьатига қулоқ тутамиз:
بِسْمِ اللَّـهِ الرَّحْمَـنِ الرَّحِیمِ
سَبَّحَ لِلَّهِ مَا فِی السَّمَاوَاتِ وَمَا فِی الْأَرْضِ وَهُوَ الْعَزِیزُ الْحَکِیمُ، یَا أَیُّهَا الَّذِینَ آمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ، کَبُرَ مَقْتًا عِنْدَ اللَّهِ أَنْ تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
1 - Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳга тасбиҳ айтадир. У зот ғолиб ва ҳикмат эгасидир. 2 - Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз. 3-Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир. (Жиҳод фарз қилинишидан аввал бир гуруҳ мўминлар, агар Аллоҳ таоло бизни Ўзи энг суядиган амалга буюрганда эди, уни бажариб улкан савобларга эришардик, деб орзу қилиб юришарди. Шунда Аллоҳ Пайғамбар алайҳиссаломга ваҳий юбориб, жиҳодни фарз қилди, аммо аввал гапириб юрганларга бу амр машаққатли туюлди, оғир ботди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло юқоридаги оятларни тушириб, уларни огоҳлантирди. Бундан камида иккита ибрат чиқади: биринчиси - жиҳод Аллоҳ нақадар суйган амаллардан эканини ҳамда иккинчиси - айтганига амал қилиш энг олий даражадаги мартаба эканини биламиз. Бу гаплар ҳар бир ислом умматига тегишлидир. Қайси уммат - миллат шунга амал қилса, Аллоҳ олдида улкан савобга, ҳаётда эса улкан тараққиётга эришади.)
Бу сура ҳам бошқа суралар каби Аллоҳ таолони тасбеҳи билан бошланади ва аслида борлиқдаги барча мавжудотлар Аллоҳ таолонинг ҳар қандай қусур, ноҳақлик ва жаҳолатдан поклигига гувоҳлик берадилар ва уни ҳар қандай муҳтожликдан пок деб билишини такидлайдилар.
Оятларнинг давоми диний таьлимотдаги муҳим бир қоидага мўминларнинг эьтиборини қаратади ва шундай дейилади: “Амалсиз даьво арзимайди, лекин у ҳам Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади. Сизлардан баъзиларингиз оддий шароитда шундай дейишади: Агар керак бўлса, Аллоҳнинг дини қолиши учун жоним ва молимни Аллоҳ йўлида беришга тайёрман, лекин душман ҳужум қила бошлаганида ва мудофаа ва жиҳодга эҳтиёж пайдо бўлганда, сиз чекинасиз ва жанг майдонига кирмайсиз.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Қурьон маданиятида борлиқ ўзига хос ақл ва онгга эга бўлиб, ягона Оллоҳни улуғлаш ва муқаддас билиш билан унинг қудрати ва ҳикматига гувоҳлик беради.
2. Фақат иймон ва диндорлик даъвоси иш бермайди, бу даъво амалда исботланиши керак.
3. Ўз тилидан динни қўллаб-қувватлаган, лекин бу соҳада ҳаракат қилмаган одам, Аллоҳни алдаб қўяман, деб ўйламаслиги керак. Бундай одам дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади.
Энди муборак Саф сурасининг 4-ояти каримаси қироьатига қулоқ тутамиз:
إِنَّ اللَّهَ یُحِبُّ الَّذِینَ یُقَاتِلُونَ فِی سَبِیلِهِ صَفًّا کَأَنَّهُمْ بُنْیَانٌ مَرْصُوصٌ
Ояти карима қуйидагича таржима қилинган:
4 - Албатта, Аллоҳ Ўз йўлида худди жипс бинодек бўлиб, сафда туриб уруш қиладиганларни яхши кўрадир. (Аллоҳ таоло мўминлар жамиятини доимо бирдам, ҳамфикр ва жипслашган бўлишини хоҳлайди. Бу оятда эса урушда ҳам бирдам бўлишга, жипслашиб, душманни бир жабҳа бўлиб қарши олишга буюрмоқда.)
Олдинги оятларда биз ўз даъволари билан Аллоҳ таолонинг ғазабига ўзларини дучор қилганлар ҳақида гапирган эдик. Бу оят шундай дейилади: “Аммо кимсалар Аллоҳнинг алоҳида фазли ва раҳматига сазовор бўлиб, натижада Аллоҳнинг маҳбуби бўладилар.
Дунёда ҳар доим уруш бўлган ва бўлади. Бу тўқнашувлар, одатда, кўпроқ куч ва бойликка эга бўлиш, бошқа мамлакатларга ҳукмронлик қилиш, уларнинг ерлари ва ресурсларини тортиб олиш учундир. Лекин Исломдаги жиҳоддан мақсад золим ва мустабидларга қарши курашиш ҳамда тавҳидни тарғиб қилиш ва тарқатишдир.
Кўриниб турибдики, мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар, уларнинг тарқоқлик ва парокандаликлари душманларнинг таьсирига замин яратади ва мўминларнинг душманлар ҳужумига қарши заиф ва ночор бўлишига сабаб бўлади. Бинобарин, бу оят иймон аҳлининг бирлиги ва яхлитлигига урғу бериб, уни ғалабанинг сири деб билади.
Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Аллоҳ таолонинг марҳаматига ва муҳаббатига эришиш, унинг йўлида жиҳод ва саьй-ҳаракатсиз амалга ошмайди.
2. Жангари ва золим душман қаршисида барча этник, тил ва мазҳабий тафовутларни четга суриб, унинг қаршисида мустаҳкам ва яхлит сафда туриш керак.
Сўнгда муборак Саф сурасининг 5-6-ояти карималари қироьатига қулоқ тутамиз:
وَإِذْ قَالَ مُوسَى لِقَوْمِهِ یَا قَوْمِ لِمَ تُؤْذُونَنِی وَقَدْ تَعْلَمُونَ أَنِّی رَسُولُ اللَّهِ إِلَیْکُمْ فَلَمَّا زَاغُوا أَزَاغَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ وَاللَّهُ لَا یَهْدِی الْقَوْمَ الْفَاسِقِینَ، وَإِذْ قَالَ عِیسَى ابْنُ مَرْیَمَ یَا بَنِی إِسْرَائِیلَ إِنِّی رَسُولُ اللَّهِ إِلَیْکُمْ مُصَدِّقًا لِمَا بَیْنَ یَدَیَّ مِنَ التَّوْرَاةِ وَمُبَشِّرًا بِرَسُولٍ یَأْتِی مِنْ بَعْدِی اسْمُهُ أَحْمَدُ فَلَمَّا جَاءَهُمْ بِالْبَیِّنَاتِ قَالُوا هَذَا سِحْرٌ مُبِینٌ
Ояти карималар қуйидагича таржима қилинган:
5 - Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, Аллоҳнинг Расули эканимни билиб туриб, яна нима учун менга озор берасиз», деганини эсла. Улар (ҳақдан) бурилган эдилар Аллоҳ уларнинг қалбини буриб қўйди. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас. 6 - Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар.
Бу оятлар Бани Исроил қавмининг Аллоҳнинг икки буюк пайғамбари Ҳазрати Мусо ва Ҳазрати Исо алайҳиссаломга қилган муомаласига ишора қилиб, шундай дейилади: Ҳазрати Мусога иймон келтирганлардан баьзилари ҳақорат, ноҳақлик ва итоатсизликлари билан унга озор берардилар ва бирлик ва ҳамдардлик ўрнига иймон аҳлининг бўлинишига ва тарқоқлигига сабаб бўлардилар.
Кўриниб турибдики, ўзлари Аллоҳнинг пайғамбари деб билган кишига нисбатан бундай шафқатсиз хатти-ҳаракатлари улар учун илоҳий ҳидоятдан узоқлашишдан бошқа ҳеч қандай натижа бермаган ва ниҳоят, ўша тоифа ёмон қисматга дучор бўлган.
ҳазрати Исо ҳам ўзини икки илоҳий пайғамбар ўртасидаги пайғамбар деб ҳисоблаган; У зот ўзидан олдинги пайғамбарнинг китоблари ва ўгитларини тасдиқлаган ва ўзидан кейин Пайғамбарнинг келишини эьлон қилган. Бироқ, улар уни инкор этишди ва мўъжизаларини сеҳр деб аташди.
Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:
1. Олдинги қавм ва пайғамбарлар тарихи билан танишиш ибратли ва ўгитли бўлиб, иймонли кишини тўсиқ ва муаммоларга чидамли ва кучли қилади.
2. Пайғамбарлар ва илоҳий авлиёларни безовта қиладиган нутқ ва хатти-ҳаракатлар инсонни илоҳий ҳидоятдан маҳрум қилиб, тўғри йўлдан оғишига олиб келади.
3. Барча пайғамбарларнинг мақсади бир эди, шунинг учун улар ҳеч қачон бир-бири билан рақобатлашмаган. Улар ўзларидан кейин Пайғамбарнинг келишини эьлон қилдилар ва одамларни унга иймон келтиришларини буюрдилар.
4. Илоҳий таълим тизимида инсоннинг ўсиши ва мукаммаллиги учун кўплаб синфлар мавжуд. Ҳар бир синф кейинги синфга киришдир ва ҳар бир ўқитувчи олдинги ўқитувчини тасдиқлайди.
Ушбу дастурни якунлаш билан сиз азизларни улуғ Тангрига ҳавола қиламиз ва фикр ва таклифларингизни кутиб қоламиз. Хайр. Саломат бўлинг.